Президентимизнинг Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан келиб чиқувчи O’zLiDeP олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди

25.08.2022, 17:40

Президентимизнинг Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан келиб чиқувчи O’zLiDeP олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда ҳудудий партия ташкилотлари иштирокида кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан келиб чиқувчи O‘zLiDeP тузилмалари олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Бундан роппа-роса бир йил олдин 20 август куни давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларни бевосита тинглаганида, кўплаб муаммолар, ҳал этилмаган масалалар аниқланган эди. Ўтган йилги очиқ мулоқотда тадбиркорлардан тушган минглаб мурожаатларда кўтарилган муаммолар бўйича дастур, 70 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бизнесни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун 130 триллион сўм кредит, 3,5 триллион сўмлик субсидия ва компенсациялар ажратилди.

Ўтган йили хорижий валютада кредит олган ва валюта курсининг мунтазам ўсиши сабабли қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларга 123 миллион долларга тенг кредитлари миллий валютага ўтказиб берилди. Шунинг ҳисобига мамлакатимизда экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етди, умумий экспорт ҳажми 30 фоиз кўпайди. Мана шу натижалар ўтган йилги очиқ мулоқотнинг ёрқин самаралари, десак сира муболаға бўлмайди.

Куни кеча Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти бу борадаги ишларни янада изчил давом эттирилаётганини кўрсатмоқда. Мулоқотда бешта асосий йўналиш кўрсатиб ўтилди, уларнинг ҳар бири бўйича кўплаб ташаббуслар илгари сурилди.

Жумладан, тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида ёндошув тизими яратиш, солиқ юкини камайтириш, кўчмас мулкка эгалик қилиш, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, бунда фақат судларнинг қарорлари асосида иш юритилиши каби қатор имтиёз ва енгилликлар берилиши мамлакатимизда бизнес муҳитини янада яхшилаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Шунингдек, ҳар бир вилоятда“Тадбиркорлар хиёбони”ни барпо қилиш, унда “Фаровонлик бунёдкорлари” деб номланувчи кўргазмаларнинг намойиш қилиниши, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” унвонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифлари ҳам партиямиз электорати бўлган тадбиркорларимизга қанот бағишлади.

Қўшма йиғилишда шу каби енгилликларнинг тадбиркорлар учун яратиб берилаётганлиги нафақат тадбиркорлар манфаатига хизмат қилиши балки, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашга, озиқ-овқат маҳсулотларнинг нархлари арзонлашувига, Ватанимиз довруғини дунёга ёядиган фидойи ва жонкуяр тадбиркорларимиз сафи янада кенгайишига олиб келишлиги алоҳида эътироф этилди. Шу билан бир қаторда партия ва унинг барча бўғинидаги тузилмалари, депутатлари давлатимиз раҳбари томонидан берилган имтиёзларнинг барчасини тадбиркорларга яна бир бор тушунтириб бориш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда улкан масъулият юклашлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда партиямиз электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар манфаатини ҳимоя қилиш, қонунчилик ташаббусларни илгари суриш, O‘zLiDeP “Call center”га келиб тушаётган мурожаатларни тегишли вазирлик ва ташкилотлар орқали мунтазам ўрганиб, ижобий ҳал этиб бориш вазифалари белгилаб олинди.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбарининг Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъмишлаш ва тарғиботи юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Мажлисда бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

  • Кўрилди
    551
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+