ШҲТ саммити Ўзбекистоннинг нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида нуфузи ва ўрнини янада мустаҳкамлайди

13.09.2022, 16:07

ШҲТ саммити Ўзбекистоннинг нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида нуфузи ва ўрнини янада мустаҳкамлайди

Шу кунларда юртимиз жаҳон мамлакатлари сиёсатчилари диққатида бўлиб турибди. Негаки, Самарқандда ўтадиган дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот бўлган ШҲТ саммити тарихий қарорлар қабул қилинадиган майдонга айланади.

Раислик доирасида Ўзбекистон ШҲТнинг 80 дан ортиқ тадбирларини ўтказди. Уларда саноат ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш, АКТ, рақамли трансформация, минтақалараро савдо ва транспорт бўйича ўзаро боғлиқлигини рағбатлантириш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда кибертаҳдидлардан ҳимояланиш масалаларига эътибор қаратилди.

2021-2022 йилларда Ўзбекистон раислик қилган саммитда яна бир муҳим тарихий ҳужжат қабул қилинади. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатлари ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича Кенг қамровли мазкур режа мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашда улкан тарихий аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ШҲТга аъзо барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган мазкур стратегик ҳужжатда асосий эътибор савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга каратилиб, инвестициялар, энергетика, транспорт, логистика, саноат кооперацияси, ахборот ва телекоммуникациялар, қишлоқ хўжжалиги, божхона ва бошқа соҳалардаги шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ тадбирлар ва уларнинг бажарилишига масъул идоралар белгиланган.

Саммитда имзолашга тақдим этилиши кўзда тутилган  кенг қамровли режа ва унда кўрсатилган аниқ тадбирлар ШҲТга аъзо барча давлатлар ва биринчи навбатда, Ўзбекистон манфаатларига хизмат килади.

Айтиш мумкинки, юқорида тилга олинган соҳа ва йўналишларни ривожлантириш партиямизнинг ўз олдига белгилаб олган устувор мақсадлар ҳисобланади.

O`zLiDeP ташқи савдо фаолият соҳасини янада такомиллаштириш, етакчи халқаро ва хорижий молия институтлари билан алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа иқтисодий ташкилотларга аъзо бўлиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, инвестиция фаолиятини амалга оширишнинг эркинлиги, инвесторлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлайди.

Бизнинг ҳам нуқтаи назаримизга кўра, БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар, турли иқтисодий ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ҳамоҳангдир.

ШҲТ саммитида имзоланадиган мана шу каби тарихий ва стратегик ҳужжатларнинг қабул қилиниши билан бизнинг халқ фаровонлиги ва мамлакат иқтисодий тараққиёти йўлидаги қатор мақсадларимиз ҳам рўёбга чиқиши муқаррар.

Бир сўз билан айтганда дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган Самарқандда ўтадиган Саммит Шанхай ҳамкорлик ташкилоти асосчиларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида нуфузи ва ўрнини мустаҳкамлаб, халқаро жараёнларга таъсирини оширишга хизмат қилиши тайин.

Тўлқин Файзиев,

O`zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    473
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+