Депутат ўн нафар аёлни иш билан таъминлади

15.09.2022, 12:26

Депутат ўн нафар аёлни иш билан таъминлади

Халқ депутатлари Қарши туман кенгаши депутати Машҳура Ҳайитова “Бир депутат юз аёлга кўмакчи” лойиҳаси доирасида ўн нафар хотин-қизни иш билан таъминлади. O’zLiDeP фаоли ташаббуси ва ташкилотчилигида  3 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, 1978 йил қурилган, бугунги кунда ташландиқ бўлиб ётган бино капитал таъмирланиб, янги болалар боғчаси ташкил  этилди. Эндиликда тумандаги  “Аристократ” нодавлат мактабгача таълим муассасаси 100 нафар жажжи ўғил-қизларни ўз бағрига олди.

- Қуйи  Бешкент маҳалласида яшовчи сайловчиларим бўлган ёш оналар менга мурожаат этишиб, маҳаллада болалар боғчаси йўқлиги боис кўпчилик хотин-қизлар ишлолмай уйда ўтирганликларини, фарзандлари учун  боғча ташкил этишда амалий ёрдам беришимни сўрашганди, - дейди “Аристократ” нодавлат мактабгача таълим муассасаси мудираси, депутат Машҳура Ҳайитова. - Туман ҳокимлигига ташландиқ бўлиб ётган бинони давлат хусусий шерикчилик  асосида таъмирлаб, боғча ташкил этиш юзасидан депутатлик сўрови билан чиққанимдан сўнг, ишлар бошланиб кетди. Истиқлол шодиёнаси маҳалламиз хотин-қизлар учун қўшалоқ байрам бўлди десам ишонаверинг. Уларнинг кўзларидаги қувончни кўриб,  боғча ташкил этиш учун елиб-югурганларим, чеккан заҳматларим бир зумда унут бўлди. Янги Ўзбекистонимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг баркамол инсонлар бўлиб улғайишлари учун меҳнат қилаётганимдан чексиз фахрланаман.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят ва Қарши туман кенгашлари ҳамкорлигида ташкил этилган боғчанинг очилиш тантанасида сўзга чиққан партия депутатлари ва хотин-қизлар ёш авлод тарбияси учун кўрсатилаётган ғамхўрлик, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, мустақил давлатимизда навқирон авлод истиқболи йўлида қилинаётган улуғвор ишлар ҳақида сўзладилар.  

Феруза МУСТАЕВА,

O’zLiDeP Қарши туман кенгаши раиси ўринбосари,

аппарат раҳбари. 

  • Кўрилди
    504
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+