Хитой Ўзбекистоннинг энг яқин ҳамкори ва бу алоқалар келгусида янада юксалади

16.09.2022, 09:44

Хитой Ўзбекистоннинг энг яқин ҳамкори ва бу алоқалар келгусида янада юксалади

Шундай дейишга тўла асосларимиз бор. Чунки Хитой дунёнинг энг ривожланган мамлакати ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга, турли соҳаларда инвестициялар киритишга тайёр. Энг муҳими эса икки давлат халқлари ўртасидаги азалий дўслик ва қардошлик ришталари йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Яна шуни мамнуният билан айтишни истар эдимки, Хитой давлати Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзолари орасида Ўзбекистонга энг кўп сармоя ва инвестиция киритадиган ҳамда турли технологияларини таклиф этадиган яқин қўшни давлат сифатида катта аҳамиятга эга.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи билан келиши эса бу алоқаларни янада юксак даражага кўтариши табиий. Бинобарин, икки давлат раҳбарларининг бу галги Самарқанддаги учрашуви Хитой учун ҳам Ўзбекистон учун ҳам жуда фойдали бўлади, десак сира муболаға қилмаган бўламиз. Хусусан, ўтган йилда товар айирбошлаш рекорд кўрсаткич – 8 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса 30 фоиздан ортиқ ўсди.

Кейинги беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик бўйича беш йиллик дастур, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, бунда электрон тижоратни ривожлантириш, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало, автомобилсозлик, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма каби соҳаларда илғор лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Айниқса, Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш, ҳудудларни ривожлантириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этишни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди. Минтақамиз тараққиёти ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлиги учун стратегик аҳамиятга эга “Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон” темир йўли қурилишини бошлаш тўғрисида тарихий келишувга эришилгани айниқса, қувонарли бўлди.

Расмий учрашув  якунида умумий қиймати 15 миллиард долларлик устувор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликка доир келишувлар имзоланди.

Хитой етакчиси Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раиси сифатидаги фаолиятини, бунинг натижасида ташкилотни кенгайтириш ва халқаро нуфузини мустаҳкамлаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинганини юксак баҳолади.

Хулоса шундан иборатки, яқин қўшнимиз, стратегик ҳамкоримиз ва ишончли шерик ҳисобланган Хитой давлати билан алоқаларимиз янада ривожланиб, юксак даражага кўтарилаётгани икки дўст мамлакат иқтисодиёти ва истиқболига хизмат қилиши шубҳасиз. Аминманки, бу самарали алоқалар Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатларимизни  янада юксалишида муҳим аҳамият касб этади.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    391
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+