Самарқанд саммити азалий дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлайди

19.09.2022, 17:28

Самарқанд саммити азалий дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлайди

Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити дунё ҳамжамияти нигоҳида бўлди.

Саммит кун тартибига мувофиқ кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари, ШҲТни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари ва устувор вазифалар кўриб чиқилди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ташкилот кўп томонли ҳамкорликни илгари сурмоқда, бунда транспорт, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт каби муҳим стратегик йўналишлар асосий муҳокама марказида бўлди.

Самарқанд саммитида имзолаш учун салмоқли ҳужжатлар тўплами – 40 дан зиёд битим ва қарорлар тақдим этилди. Уларда ШҲТ давлатларининг ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, савдо каби энг муҳим ва истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилишга доир умумий ёндашувлари акс этган.

Саммит доирасида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама Битимнинг имзоланишини ҳам тарихий воқеа бўлди. Стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа – Термиз–Мозори Шариф-Кобул–Пешовар темир йўли коридори қурилишини ҳам қўллаб–қувватлашга чақирилди. Ушбу икки лойиҳанинг амалга оширилиши ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш, умуман олганда, Ташкилотимиз маконида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун кенг имкониятлар очади.

Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қарийб чорак қисмини ташкил қилмоқда. Бу эса эндигина 20 ёшга тўлган ушбу минтақавий Ташкилот томонидан дунёнинг барқарор ривожланишига қўшилаётган ҳиссасининг салмоғи юксак эканидан далолат беради. ШҲТ жаҳон сиёсатида муҳим ўрин тутаётган нуфузли халқаро тузилмага айланди. 

Саммитни “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” шиор остида ўтказилгани Ташкилотни янада кучли ва халқаро ҳамкорларимиз учун янада жозибадор бўлишига эришиш учун жиддий ҳаракат қилинганини ифодалайди.

Ишончим комил, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида қабул қилинган ҳужжатлар ва қарорлар азалий дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкам бўлишига, халқларимизни ўзаро янада яқинлаштиришга, мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлиги йўлида минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Равшан Фазилов,

O`zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    424
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+