Туризм иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғига айланиши керак

20.09.2022, 16:09

Туризм иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғига айланиши керак

Бугунги кунда туризм соҳаси мамлакат иқтисодиётини кўтаришга улкан ҳисса қўшиб келаётган тармоқлардан бирига айланиб улгурди. Бу борада бизнинг мамлакатимизда ҳам ушбу соҳани ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу эса жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилмоқда. Соҳани қўллаб-қувватлашга доир 90 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда туризм турларини диверсификация қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги жозибадорлигини ошириш йўлида хизмат қилади.

Президентимиз бу соҳага алоҳида эътибор қаратиб, шароит яратаётгани бежиз эмас. Чунки туризмда топилган даромаднинг 30 фоизи одамларнинг қўлига иш ҳақи бўлиб боради. Бошқа тармоқларда бу 10 фоиздан ошмайди. Туризм соҳасида яратилган битта иш ўрни турдош тармоқларда қўшимча иккита иш ўрни пайдо бўлишига туртки беради. Яъни, туризм ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини кўпайтириш, ҳам хизматлар экспортини оширишда жуда катта манба.

Айниқса, ушбу соҳага берилаётган кенг имконият ва имтиёзлар натижасида сайёҳлар оқими йил сайин ортиб боряпти. Бу йил туризм пандемиядан кейин қайта тикланишини натижасида сентябргача юртимизга келган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайди. Йил бошидан буён туризм экспорти ҳажми 926 миллион доллар бўлди. Юртимизга келган меҳмонларнинг саёҳати ўртача 4-5 кунгача, сарфлаган маблағи 305 долларгача кўпайди. Ички сайёҳлар сони ҳам ўтган йилга нисбатан 3,5 бараварга ўсиб, 7,5 миллион нафарни ташкил қилди.

Лекин шунга қарамасдан ютуқларимиз билан бир қаторда соҳа ривожида баъзи камчиликлар ҳам кўзга ташланаётгани бор ҳақиқат. Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 сентябрь куни мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда туризм бўйича ҳудудлардаги ишлар ҳолати таҳлил қилинди. Бу борадаги улкан имкониятлар ва улардан фойдаланиш бўйича вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқандда “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази барпо этилди. Яқинда у ерда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити юқори савияда ўтди. Бу кўп тармоқли марказ таркибида 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс маркази, “Боқий шаҳар” мажмуаси, амфитеатр ва кўплаб бошқа иншоотлар бор. У йилига 2 миллион туристга хизмат кўрсатиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари энди бу мажмуага сайёҳларни жалб этиш, элчихоналар ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликда “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” брендини тарғиб қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Яна бир салоҳиятли йўналиш – зиёрат туризми. Мамлакатимизда 1 минг 200 дан зиёд зиёратгоҳ бор. Йиғилишда бу имкониятни тўлиқ ишга солиб, йилига камида 1 миллион сайёҳ жалб қилиш мумкинлиги таъкидланди. 

Юртимизда туризмга ихтисослашган 135 та маҳалла бор. Уларнинг аксарияти узоқ ҳудудларда бўлгани учун инфратузилма масаласи долзарб. Шу боис Президент туризм маҳаллаларида йўл, электр, сув ва интернет муаммосини ҳал этиш бўйича дастур ишлаб чиқишга кўрсатма берди.

Умуман олганда, мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга бу даражада катта эътибор қаратилиши тадбиркорлар сони ортишига, минглаб иш ўринлари яратилишига, энг муҳими иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғига айланишига хизмат қилади.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    388
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+