ШҲТ Самарқанд саммити: «Яшил» ва экспресс йўлаклар – арзон озиқ-овқат маҳсулотини етказиб беришда қулайлик яратади

20.09.2022, 16:18

ШҲТ Самарқанд саммити: «Яшил» ва экспресс йўлаклар – арзон озиқ-овқат маҳсулотини етказиб беришда қулайлик яратади

Аҳолиси тўқ ва фаровон яшаган юртда ўсиш, ривожланиш ҳам бир меъёрда кечади. Чунки, бундан, аввало, одамлар розилиги таъминланади, умр кўриш ёши узаяди, меҳнат унумдорлиги ортади. Ушбу жараён айнан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга кўп жиҳатдан боғлиқдир. Чунки озиқ-овқат хавфсизлиги аҳоли эҳтиёжини физиологик меъёрларга мос равишда истеъмол товарлари билан таъминлашни назарда тутади.

Бироқ кейинги пайтда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ортишидан орқада қолаётгани, айниқса, қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноати ривожи учун етарли шароит мавжуд бўлмаган мамлакатларда муаммо тобора чуқурлашиб бораётгани ташвишланарлидир.

Давлатимиз раҳбари ШҲТнинг Самарқанд саммитида айнан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратар экан, Ташкилотга аъзо мамлакатлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчилари бўлишига қарамасдан, ШҲТ доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатлик йўлга қўйилмаганини айтиб ўтди. Бироқ, ҳамкор мамлакатларнинг ички бозорларни бошоқли экинлар, чорвачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, асосий озиқ-овқат турлари ҳамда зарур ўғитлар билан мунтазам таъминлаш учун салоҳияти етарли. Шу боис, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш, унда  мавжуд норматив-ҳуқуқий базани яқинлаштириш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва янгиликларни жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни қўллаш зарурлигига урғу берилди.  

Айтиш керакки сўнги 5 йил ичида ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалигида ҳам кластерлар фаолияти йўлга қўйилганлиги, кам ҳосилли пахта ерларининг қисқартирилиб, ўрнига озиқ-овқат маҳсулотлари: дуккакли, сабзавот ва полиз экинлари экилиши, республика миқёсида барча ҳудудларнинг озиқ-овқат етиштириш бўйича тор соҳаларга ихтисослаштирилганлиги, шунингдек, аҳолининг деҳқон ва томорқа хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама рағбатлантириш, манфаатдорликни ошириш бўйича амалга оширилган чора тадбирлар том маънода мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда ҳам ижобий натижаларга эришмоқда.

ШҲТнинг Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш концепциясини қабул қилгани эса бу йўналишда катта имкониятларга йўл очилишини билдиради. Хусусан, саммит доирасида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама битимнинг имзоланишини айнан қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, "яшил" ва экспресс-йўлакларни ташкил этишда қўл келади.

Жамолиддин Мелибоев,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарат раҳбари.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    234
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+