ШҲТ Самарқанд саммити: икки томонлама учрашувлар ҳозирги глобал муаммолар ечимига йўл очади

20.09.2022, 16:40

ШҲТ Самарқанд саммити: икки томонлама учрашувлар ҳозирги глобал муаммолар ечимига йўл очади

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асос солган давлатлардан бири сифатида унинг кўп қиррали фаолиятида муҳим ва фаол роль ўйнамоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуслари ШҲТнинг халқаро нуфузини ва салоҳиятини юксалтиришга, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамиша хизмат қилиб келган. Ўзбекистоннинг 2021-2022 йилларда ШҲТга раислиги мазмундорлиги ва натижага қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Дунё ҳамжамияти, халқаро етакчи экспертлар тамонидан билдирилаётган хулосаларга кўра  пандемия ва глобал инқироз оқибатларига қарамасдан, Ўзбекистоннинг ШҲТга Раислик режаси биргаликда тўлиқ амалга оширилди. 80 дан ортиқ йирик халқаро тадбирлар ўтказилди. ШҲТ доирасида ахборот-коммуникация технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги ва камбағалликни қисқартириш каби соҳалардаги ҳамкорликнинг янги формат ва механизмлари ишга туширилди. Иқтисодиёт, саноат, инновациялар, туризм, соғлиқни сақлаш, халқ дипломатияси, гендер тенглиги ва аёллар тадбиркорлигини илгари суриш борасидаги долзарб масалалар бўйича форумлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар ўтказилди.

Ушбу халқаро нуфузли тадбирнинг айнан Самарқандда ўтказилишида ҳам катта мазмун –маъно бор. Самарқанд қадим-қадимдан Шарқий Осиёдан то Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Европагача бўлган маконда яшайдиган халқлар ўртасида маънавий, иқтисодий, маданий ва илмий алмашувларнинг маркази бўлиб келган.

Самарқанд Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлисида тарихий воқейликлар гувоҳи бўлди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Самарқандда асрлар давомида турли цивилизациялар вакиллари ўртасида самарали мулоқотнинг ўзига хос маданияти яралгани, Самарқанд – ШҲТни тузишда асос қилиб олинган бағрикенглик, турли халқларнинг анъана ва қадриятларига ҳурмат тамойиллари асрлар давомида амалда бўлган ҳаётий бир намуна эканини ўз маърузаларида айтиб ўтдилар.

Саммит доирасида кўплаб икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтгани ҳозирги глобал муаммолар ечимига йўл очишига ишончимиз комил.

Президентимиз хорижий делегациялар раҳбарлари Хитой Халқ Республикаси, Эрон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва бошқа қатор давлатлар раҳбарлари   билан долзарб минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалаларни, замонамизнинг глобал муаммоларини муҳокама қилдилар.

Ушбу учрашувларда турли давлат рахбарлари билан глобал ва минтақавий ривожланишнинг асосий масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар натижасида минтақадаги кескинликни пасайтиришга хизмат қилган муҳим қарорлар қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари айтганларидек, самарали халқаро ҳамкорлик – бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади. Ишончимиз комилки, Саммит доирасида бўлиб ўтган  кўплаб икки томонлама учрашувлар ҳозирги глобал муаммолар ечимига сабаб бўлади.

 Нигора Қутлимуратова

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    389
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+