Маҳалладаги ишсиз хотин-қизларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди
21.09.2022, 11:41

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими янги босқичга кўтарилди. Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ҳамда мустаҳкамлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
O’zLiDeP ҳам давлатимизнинг ушбу оқилона сиёсатини фаол қўллаб-қувватлайди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришлари учун зарурий шароитлар яратиб беришни ўз олдидаги устувор вазифалардан деб билади.
Чиноз туманидаги “Яхши ният” МФЙда партия туман Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги очиқ мулоқот тадбири ҳам айни мақсадда ўтказилди.
Тадбирда сўз олган депутат Мовлуда Сайдалиева бугун юртимизда ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида тўхталди.
“Аёллар дафтари” жорий этилиб, унда рўйхатда турувчи опа-сингилларимизга кўмак бериш, уларни турмушларидаги таназзулдан олиб чиқиб кетишда мутасадди ташкилотлар, ҳокимият ва қолаверса жамоатчилик вакиллари бўлган маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар биргалашиб, зарур амалий чораларни кўришаётгани хусусида маълумотлар берди.
Бунинг натижасида мазкур дафтарда қайд этилган аёлларнинг муаммолари атрофлича тизимли ўрганилиб, ижобий ҳал қилиниб, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишларида кўмаклашиш ортидан моддий фаровонликлари оширилиб, “Аёллар дафтари”дан чиқаришга муваффақ бўлинаётганини таъкидлади.
Бугунги тадбир ҳам маҳалладаги ночор аҳволдаги хотин-қизларни аниқлаш, улар билан яқиндан бевосита мулоқот ўрнатиш, қийнаб турган муаммоларини ўрганиб, жойида тизимли ижобий ечим топиш мақсадида ташкил этилаётганини қайд этди.
Бунинг учун шароит ва имконият етарли эканига урғу берди. Партия туман Кенгаши аппарат раҳбари Пайзулла Тожиқулов ҳам мавзу доирасидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан, аёлларга азал-азалдан халқимиз алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келиши Янги қабул қилиниши режалаштирилаётган Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилаётгани борасида сўз юритди.
Янги Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурияти, у бутун халқимиз муаллифлигида яратилаётгани замирида ҳам катта ҳикмат ва узоқни кўзлаб амалга оширилаётган сиёсат ётганини алоҳида халқчил мисоллар келтириш билан очиб берди.
Тадбир мобайнида унга ташриф буюрган хотин-қизлар орасидан 14 нафарининг мурожаатлари катта эътибор билан тингланди. Жойида ижобий ҳал этиш мақсадида мутасадди ташкилотларга йўналтирилди. Айримларига мутахассислар ва оқила аёллар томонидан ҳуқуқий, психологик маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Зухро Мирзоҳамдамова,
O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши
бўлим мудири
Ўхшаш янгиликлар
-
Депутат кўмагида ишсиз аёллар ўз бизнесини бошлади
04.05.2023, 16:21
-
Нурободлик ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўргатилмоқда
04.05.2023, 16:17
-
“King garment textile” корхонаси раҳбари Гулрух Худойбердиева: “Имкониятлардан унумли фойдаланяпмиз”
28.04.2023, 11:38
-
Конституциявий қонун лойиҳаси хотин-қизлар фаолларига тарғиб қилинди
19.04.2023, 14:59
-
Хотин-қизлар барча соҳада ўзини намоён этишга ҳақлидир
17.04.2023, 16:02
Фикрингизни қолдиринг