Депутат аралашуви билан аҳолини қийнаб турган муаммо ҳал этилди

21.09.2022, 11:43

Депутат аралашуви билан аҳолини қийнаб турган муаммо ҳал этилди

Бугун халқ вакиллари бўлган депутатлар аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича усулда амалга оширишмоқда.

Аҳоли турмушининг фаровонлиги ва муносиб ҳаёт кечириб, рози бўлишида бор куч ва имкониятларини ишга солишмоқда.

Халқ депутатлари Зангиота туман Кенгашидаги O’zLiDeP депутати Шахзодбек Носирхўжаев ҳам мана шундай ибратли депутатлардан. Яқинда унинг бевосита аралашуви билан Зангиота туманининг Аҳмад Яссавий маҳалласида яшовчи аҳолини узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муаммо ўзининг ижобий ечимини топди.

Аҳмад Яссавий маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Нуриддин Ахмедов ҳудуд аҳолиси номидан оғзаки тартибда билдирган мурожаатида фарзандларининг мактаб, коллеж ва институтга қатнашлари учун автобус ва бошқа транспорт воситалари тўхташи учун бекатларнинг мавжуд эмаслигини маълум қилганди.

Мурожаатни жойига чиқиб, тизимли ўрганган депутат ҳақиқатан ҳам Ахмад Яссавий ҳамда Бўстон маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи йўл устида бекатлар йўқлигига гувоҳ бўлди. Аҳоли вакиллари билан бўлган суҳбатда бир неча йил муқаддам қурилиши бошланган бекатларнинг битмай қолгани ойдинлашди.

Депутат аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган масалани ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилотларга мурожаат қилди. Натижада, бекат 2-3 кун ичида қуриб битказилди.

Ҳудудда истиқомат қилувчиларнинг оғири енгил бўлди. Энди бу ердан мактаб, коллеж ва олийгоҳларга қатновчи ўқувчи ва талабалар, ишга борувчи ишчи-ходимларга жамоат транспортидан фойдаланишда қулайликлар яратилди.

Депутат Шахзодбек Носирхўжаевнинг аҳоли муаммоларини бартараф этишдаги саъй-ҳаракатларини биргина мақола билан чегаралаб бўлмайди. Негаки, депутат ўз фаолияти давомида бир қатор муаммолар хусусан, фуқаролар томонидан моддий ёрдам ва бола пули, уй-жой, тиббиёт, ичимлик суви, уй-жой ҳужжатларини кадастр агентлигидан рўйхатдан ўтказиш, иш билан бандликни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бизнес вакиллари дуч келаётган қийинчиликларни бартараф қилиш сингари масалалар билан ҳам юзлашиб, уларни жойида ижобий ҳал этилишига катта хисса қўшиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, халқни рози қилиш йўлидан бориб, бор куч-ғайрати, тажрибасини ишга солмоқда.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    566
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+