Депутатлар Чироқчи туман халқ таълими бўлими мудирининг ҳисоботидан қониқиш ҳосил қилишмади

21.09.2022, 11:49

Депутатлар Чироқчи туман халқ таълими бўлими мудирининг ҳисоботидан қониқиш ҳосил қилишмади

Халқ депутатлари Чироқчи туман кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида туман халқ таълими бўлими мудири Фарҳод Жумановнинг “Президентимизнинг “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида туманда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди.

 - Туманимизда 127 та таълим муассасалари бўлиб, уларда 52 213 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олаётир, - деди у. - 4900 нафар ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. “Ҳаёт давомида ўқиш”  тамойили асосида педагог ходимларнинг касбий маҳорати ва фаолият самарадорлигини мунтазам ошириб борилаётир. Улар Қарши Давлат университети Шаҳрисабз педагогика институти, академик лицей, ихтисослашган мактабларнинг малакали ўқитувчиларидан ҳамда халқ таълими бўлими услубчиларидан иборат “Мобиль методик гуруҳлар” томонидан ўтказилаётган ўқув семинарларида билим ва малакаларини мустаҳкамлашяпти. Республика бюджетидан ажратилган 9,725 млрд. сум маблағлар эвазига туманда инвестиция дастури асосида Қорабуруғ МФЙда  31-мактабда қиймати 6,480 млрд. сўмлик янги 650  ўринли 2 та мактаб биноларини,  Лангар МФЙда жойлашган қиймати 3,245 млрд. сўмлик 165-мактабда 140 ўринли иккита бинони  реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Обод қишлоқ дастури бўйича эса жами 11,25 млрд сўм маблағлар эвазига 3 та мактаб, жумладан, 22-мактабда 781,0 млн. сўмлик, 34-мактабда 1594,0 млн. сўмлик, 35-мактабда эса 887,5 млн. сўмлик қийматдаги қурилиш ишлари олиб борилиб, мактаблар мукаммал таъмирдан  чиқарилади, 170- мактабда лойиҳа қиймати 7,850 млрд. сўмлик 420 ўқувчи ўрнига мўлжалланган янги ўқув биноси реконструкция қилинади.

Депутатлар бўлим мудирининг ҳисоботидан қониқмаганликларини, унда аниқлик йўқлиги, 2080 нафар ўқувчилар ўқиши шароит яратиш ишлари ўлда-жўлда эканлиги, тумандаги мактабларнинг 80 фоизини икки сменали бўлиб, болаларнинг билим ва тарбия олишлари учун халақит қилаётганини,  туманнинг олис ва чекка ҳудудлардаги мактабларга етишмаётган аниқ ва табиий фанлар, хориж тили ўқитувчиларини бошқа туманлардан таклиф этгандан кўра, маҳаллий кадрларни  тайёрлашга эътибор қаратиш ҳақида айтиб ўтдилар.

 Шунингдек, гуруҳ аъзолари ва партия фаоллари иштирок этган йиғилишда таълимда замонавий методикаларга ўтиш, ўқитувчиларнинг савиясига талабни кучайтириш, болаларни касбга йўналтириш, мактабларни юқори тезликдаги интернетга улаш, ўқитувчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ўқувчилар онгига ватанпарварлик туйғуларини ва миллий қадриятларни сингдириш, бой маданий-тарихий мерос, миллий урф-одатлар, буюк аждодларимиз маънавий меросини ўрганишлари учун шароитларни яратиш, болаларни сайёҳлик соҳаларига оммавий жалб қилиш тизимини кучайтириш,  туризм ва ўлкашунослик бўйича билим даражасини ошириш борасидаги ишлар талабга жавоб бермаслиги таъкидланди.

Йиғилиш сўнгида “Обод қишлоқ” дастури бўйича мактаблар қуриш ва таъмирлаш ишларини депутатлар назоратига олиш юзасидан қарор қабул қилинди. 

Асилабону СУЛТОНОВА,

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

 Сиёсий таълим ва депутатлик

гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    500
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+