“Пробация тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда

21.09.2022, 18:13

“Пробация тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, ҳуқуқни назорат қилиш органлари тизимида адолат тамойилларига қатъий амал қилиш ҳамда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу жиҳатдан олганда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ишлаб чиқилаётган қатор қонун лойиҳаларида халқаро меъёр ва қоидалар инобатга олинмоқда ҳамда инсон қадрини улуғлаш тамойилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Пробация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. Айтмоқчиманки, бу қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишини ҳаётнинг ўзи тақазо этмоқда. Чунки пробация бу давлатнинг ижтимоий-ҳуқуқий институти бўлиб, у пробация назоратидаги шахсларни шахсини ижтимоий ва психологик ўрганишга асосланган ҳамда муайян жазоларни ижро этиш бўйича суд қарорларини ижро этишга қаратилган ижтимоий-ҳуқуқий, тарбиявий ва жамоатчилик таъсирини кўрсатадиган, пробация назоратидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар мажмуидир.

Энди қонун лойиҳаси ҳақида айтадиган бўлсам, у жорий йилнинг 7 июнь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатаси мажлисида 1-ўқишда маъқулланган эди ва ўтган вақт давомида ишчи гуруҳи томонидан 2-ўқишга тайёрланиб, навбатдаги ялпи йиғилишда яна бир бор муҳокама қилиб олдик.

Қонун лойиҳаси келгусида суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва мажбурий жамоат ишлари жазоларини ижро этиш, шунингдек, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат қилишни тартибга солувчи ягона қонун сифатида қаралмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг аҳамияти шундаки, унда пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, уларнинг хулқ-атворини баҳолаш мезонлари, ижтимоий мослаштириш, умуман олганда пробация соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан боғлиқ барча масалаларга эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, фракциялардаги муҳокамаларда қонун лойиҳасида берилган принципларга ҳам қатор саволлар туғилган эди. Шундан келиб чиқиб, Ишчи гуруҳидаги муҳокамалар натижасида лойиҳадаги 10 та принципдан асосий 5 та принциплар қолдирилди.

Пробация фаолиятида муҳимлигидан, шунингдек ҳалқаро тажриба ва қонунчилик техникасидан келиб чиқиб, лойиҳага «Пробация фаолиятини амалга оширувчи субъектлар» деб номланган алоҳида боб кўшилмоқда ҳамда пробацияни амалга оширувчи ва иштирок этувчи органлар ва муассасаларнинг ваколатлари белгиланаётган 10-21-моддалар билан тўлдирилмоқда. Энг муҳими эса қонун лойиҳасида шахсни пробация ҳисобига олиш тартиби белгиланган қатор нормалар соддалаштирилди.

Фракцияларда депутатларимиз томонидан кўп муҳокама бўлган Пробация назоратидаги шахсга нисбатан электрон кузатув воситасини (электрон браслет) қўллаш билан боғлиқ нормаларга ҳам таклифлардан келиб чиққан ҳолда ўзгартирилди. Хусусан, электрон кузатув воситасини озодликни чеклаш жазосини ўташ даврида жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун туман (шаҳар) пробация бўлинмаси бошлиғининг қарорига асосан, шунингдек 18 ёшга тўлмаган, (олдин 16 ёшгача эди) тақилиши, тақилгандан 3 ойдан сўнг, (олдин 6 ой эди) ечилиши ҳамда тиббий кўрсатмаларга асосан тавсия этилмаган бошқа шахсларга тақилмаслиги белгиланди.

Лойиҳанинг 35-45-моддаларидаги суд томонидан белгиланган тақиқлар (чекловлар) ва мажбуриятларнинг бажарилиши устидан пробация назоратини амалга ошириш билан боғлиқ белгиланган нормалар тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, қатор ўзгартиш ва тузатишлар киритилди.  Шунингдек, пробация назоратидаги шахсларнинг ижтимоий-психологик портрети, уларнинг ижтимоий мослаштириш дастурлари, тарбиявий таъсир кўрсатиш, шунингдек, рағбатлантириш чораларини қўллаш билан боғлиқ нормалар ҳам қайта кўриб чиқилди.

Мазкур нормаларга депутатларимиз томонидан ҳам кўп фикр ва таклифлар, шу билан бирга эътирозлар ҳам бўлган эди. Ҳақиқатда, мазкур нормалар амалиётда қўллаш билан боғлиқ анчагина саволларни келтириб чиқариши мумкинлигинидан келиб чиқиб, қатор тузатишлар киритилди, аниқлаштирувчи нормалар билан тўлдирилди, айрим ноаниқ нормалар чиқариб юборилди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истар эдимки, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, пробация назоратидаги шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини ҳурмат қилиш муносабатини шакллантириш, уларни ижтимоий мослаштириш юзасидан таъсирчан ва самарали тизим яратилишига эришилади.

  Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    786
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+