Ўн нафар талаба кадрлар захирасига олинди

23.09.2022, 16:13

Ўн нафар талаба кадрлар захирасига олинди

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Янги авлод кадрлари жамият тараққиётига хизмат қилади” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши ташаббуси билан “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда партия вилоят Кенгаши фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда битирувчи талабалар иштирок этди.

Давра суҳбатида Янги Ўзбекистонни шакллантириш жараёнида мамлакатимиз ёшларининг етук, билимдон ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, юртимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтарадиган малакали кадрлар тайёрлаш, хусусан, талаба-ёшларнинг пухта билим олиши, ўзи танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

– Партиямиз томонидан амалга оширилаётган “Янги авлод кадрлари” лойиҳасининг асосий мақсади ёш истиқболли кадрларни аниқлаш, малакасини ошириш, уларни ҳокимият органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда партия тизимига ишга жалб этиш, ёш мутахассисларнинг самарали фаолият юритишларига кўмаклашишга қаратилган, – дейди O‘zLiDeP Андижон вилоят кенгаши Ёшлар ва бизнес тузилмалари билан ишлаш бўлими мудири Шуҳратбек Бозоров. – Қолаверса, ҳар жиҳатдан етук ва салоҳиятли ёшлар захирасини шакллантириш, уларни раҳбарлик вазифаларига тайёрлаш ва тавсия этиш кўзда тутилган. Бу борада олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик, хусусан, бевосита институт битирувчилари билан ишлаш ижобий самара бермоқда.

Давра суҳбатида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати Одинахон Отахонова мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида истиқболли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, шу жумладан, қонун ижодкорлиги борасида самарали ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади. Янги қабул қилинаётган қонунлар энг аввало, юртимиз иқтисодиётини ривожлантиришга, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга, қолаверса, ёшларни, аёлларни, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишини эътироф этди.

Тадбир давомида талабаларнинг мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалари тингланди. Уларни қизиқтирган саволларга партия вилоят кенгаши масъуллари, Олий Мажлис депутати атрофлича жавоб қайтарди. Якунда 10 нафар фаол ва ташаббускор талаба партия кадрлар захирасига олинди.

  • Кўрилди
    381
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+