Ипотека кредити ажратиш тартиби соддалаштирилади

26.09.2022, 10:26

Ипотека кредити ажратиш тартиби соддалаштирилади

Ҳар бир инсон ўз уйига эга бўлсагина ҳаётда катта мақсадлар билан яшайди, оиласида тинчлик, ишида унум бўлади. Зеро, уй-жой инсон ҳаётининг узвий ва ажралмас бир қисми бўлиб, у жамиятда эркин ҳаёт кечиришнинг гаровидир.

Кейинги йилларда юртимизда одамларни энг кўп ташвишга солаётган уй-жой масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилангани сабаби ҳам шунда. Чунки уйи бор одамнинг ўйи бўлмайди, кўнгли тўқ бўлади.

Шу боис, мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида қатор фармон ва қарорлар имзоланди. Шунингдек, аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жой учун ипотека кредитлари, субсидиялар ажратилмоқда.

Аммо кейинги пайтда қурилаётган арзон уй-жойларнинг нархи кескин ошиб кетгани туфайли нафақат биринчи тўлов, балки олинадиган кредит миқдори ҳам ортаяпти. Табиийки, кам таъминланган ва доимий даромад манбаига эга бўлмаган киши бундай уйни ололмайди.

Президентимизнинг шу йил 22 сентябрдаги “Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарор билан 2023 йил 1 январдан бошлаб дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг уй-жойларни сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилишига олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.

Аҳамиятлиси, ушбу қарорда кўзда тутилган имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг саксон бараваридан ошмаган қисмига татбиқ этилади.

2022 йил 1 ноябрдан бошлаб, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уйлардаги квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга ҳамда улар бўйича дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўлашга рухсат берилади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари йил якунига қадар уй-жойларни сотиб олиш ва ипотека кредитларини расмийлаштириш жараёнларида фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида вилоятлар марказларида Тошкент шаҳри тажрибаси асосида ипотека марказлари ташкил этилади.

Улар ипотека марказларида ҳудудда уй-жой қурилишини амалга ошираётган қурилиш-пудрат (девелопер) ташкилотларининг сотув офисларини, тижорат банкларининг банк бурчаги ва кассаларини ҳамда хусусий нотариал идораларни жойлаштириш чораларини кўради.

Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳужжат билан аҳолига уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидия ажратиш жараёнлари рақамлаштирилади. Энг муҳими, ипотека кредити ажратиш тартиби янада соддалаштирилади.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    572
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+