Мамлакатимизда электротехника саноатини янада ривожлантиришга эътибор қаратилади

28.09.2022, 16:40

Мамлакатимизда электротехника саноатини янада ривожлантиришга эътибор қаратилади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда элетротехника саноатини ривожлантиришда катта эътибор қаратилмоқда. Саноатда амалга оширилаётган модернизация натижасида электротехника тармоғи ҳам ўзгарди. Охирги беш йилда ишлаб чиқариш ҳажми 4,5 баравар ўсган. Бу маҳсулотларнинг сифати ошганини, бозори борлигини билдиради.

Шу туфайли экспорт ҳам 5 баравар кўпайган. Йил якунигача бу кўрсаткич 750 миллион доллардан ошиши кутилмоқда. 2017 йилда бу тармоқда экспортбоп маҳсулотларимиз 25 та бўлган бўлса, бу йил 200 тага етган. Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги 11 та корхона илк бор ташқи бозорга чиққан.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 сентябрь куни электротехника саноатидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда ушбу соҳани янада ривожлантириш борасида қатор вазифалар белгилаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда 1 миллиард 200 миллион долларлик 205 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Янги маҳсулотлар ва эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштириш, 2023 йилда экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари тақдимот қилинган истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, тармоқдаги устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди. 

Таҳлилларга кўра, жаҳон бозорларидаги вазият икки йилда экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, юртимизда 1 миллиард 300 миллион долларлик импорт бозори бор. Бу имкониятлардан муносиб улуш олиш учун маҳсулот, аввало, сифатли ва таниқли бўлиши керак.

Шу боис Президентимиз янги маҳаллий брендлар яратиш ва хорижий брендларни олиб келиш, маҳсулотларни шунга мувофиқ сифатли қилиб, харидорлар ишончини қозониш зарурлигини таъкидлади.

Мамлакатимизда ва атрофимиздаги бозорларда ярим ўтказгич ва электрон платаларга талаб 6 миллиард долларни ташкил этади. Шу боис бундай корхоналарни кўпайтириш, электроника ва микроэлектроника йўналишида илмий, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш вазифаси белгиланди. Маиший техникаларни маркировкалаш, экспортни суғурталаш ва кредитлашни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Маиший техника бор экан, сервис хизматига талаб ҳам ҳар доим бўлади. Касб-ҳунар мактабларида ёшларни бу йўналишга ўқитиш уларни иш билан таъминлашда муҳим омил бўлиши қайд этилди.

Умуман олганда, маиший техника ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали харидор боп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бу орқали юқори қўшилган қиймат яратиш, пировардида янги иш ўринлари яратиш муҳимдир.  

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    314
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+