Тўқимачилик кластери пахтачиликнинг истиқболли соҳаларидан бири

28.09.2022, 17:00

Тўқимачилик кластери пахтачиликнинг истиқболли соҳаларидан бири

Қашқадарёда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,  O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов билан бўлиб ўтган учрашувда воҳада етиштирилаётган пахта ҳосилини қайта ишлаш орқали маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш, наслдор чорва моллари бош сони кўпайтириш, сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришда инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш ҳақида  сўз борди. 

А. Хаитов Косон туманидаги “Бунёдкор” пахта тўқимачилик кластерига қарашли тикувчилик цехида бўлиб,  бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

- Кластеримиз 2018 йил февраль ойида ишга тушган бўлиб, тасарруфида 7 минг гектар ер бор, -дейди тадбиркор Ғолиб Эрқулов. - Ҳар йили  20 минг 500 тонна сифатли пахта ҳосили етиштирилади. Тайёрланган пахтани қайта ишлашга асосий эътибор қаратилмоқда. 1 ойда 360-400 тонна ип калава ишлаб чиқарамиз. Янги объектимиз ишга тушгач, қўшимча яна 400 тонна пахта хом ашёси тайёрлаш имкони яратилади. Тўқув, ип йигирув ва трикотаж бўлимлари мавжуд. Пахта толаси, ип калава, хом мато ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Бизда Косон туманида истиқомат қилаётган бир ярим минг ёшлар меҳнат қилишмоқда. Тикув цехида 300 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган бўлиб,  ҳар йили 100 хил турдаги ўн миллион дона эркаклар, аёллар кўйлаклари ва болалар кийимлари тайёрланмоқда.  

- Серқуёш воҳада етиштирилган пахта ҳосилидан тайёрланаётган кийим-кечакларга хорижлик харидорлар сони ортиб бораётганлиги қувонарли, - деди O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов меҳнат жамоаси билан учрашувда. - Аммо трикотаж маҳсулотларимиз фақатгина Россия давлатига экспорт қилинаётган экан.  Демак дунё бозорларига чиқиш борасида изланилмаяпти. Бу борада тажрибамиз йўқлиги панд бермоқда. Пахтадан тикилаётган кийим-кечакларимиз Европа ва Лотин Америкасининг кўпгина давлатларида ўз харидорларини топишига ишонаман. Тайёр маҳсулотни хорижга экспорт қилиш валюта тушумини кўпайтириш орқали янги-янги технологияларни келтириш, пахтани қайта ишлаш саноатини замонавийлаштириш имконини яратади.

  • Кўрилди
    488
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+