Инсон қадри ва манфаатлари устуворлигининг амалий ифодаси

29.09.2022, 09:52

Инсон қадри ва манфаатлари устуворлигининг амалий ифодаси

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, айниқса, маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда. Зеро, инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати ҳар нарсадан устундир.

Шу маънода, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш жараёнида кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш, бунда фуқароларнинг хоҳиш-истакларига қулоқ тутиш, аҳоли ўртасида очиқ муҳокамалар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Хусусан, Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам халқимиз таклифлари асосида такомиллаштирилиб, маромига етказилди.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қўмитамиз томонидан муайян ишлар қилинди. Жумладан, “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун қўмита аъзолари Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри ва Зангиота туманида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб, у ердаги ҳолатни ўрганди. Маҳкумлар билан суҳбат ўтказилиб, қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтириб берилди.

Шунингдек, лойиҳани ва мазкур тизимдаги сўнгги ислоҳотларни кенг тушунтириш мақсадида Қонунчилик палатасида депутатлар, экспертлар ва соҳа ходимлари иштирокида турли семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Ҳозирги кунга қадар ишчи гуруҳининг ўнга яқин йиғилиши ва лойиҳанинг иккинчи ўқишга тайёрланган матни муҳокамасига бағишланган фракциялараро дебат ўтказилди.

Ушбу ҳужжат сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида ҳам атрофлича муҳокама этилиб, қонун лойиҳаси юзасидан депутатлар томонидан берилган таклифлар таҳлил қилиниб, асосли деб топилган таклифлар лойиҳада акс этди.

Масалан, Жиноят-ижроия кодексининг 9-моддаси 5-хатбошисидаги сурдо сўзидан кейинги (имо-ишора тили) – деган жумлалар чиқариб ташланди, яъни “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига мувофиқлаштирилди.

Ушбу кодекснинг “Маҳкумларнинг асосий мажбуриятлари” деб номланган 13-моддасига қўшилган янги иккинчи қисм чиқариб ташланди. Сабаби “Маҳкумларни меҳнатга жалб этиш масалалари” Жиноят-ижроия кодексининг 88-моддасида кўрсатилгани ҳамда халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда ушбу норма чиқарилди. Лекин, унда берилган асосий ғояни лойиҳада акс эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексининг 88-моддасининг иккинчи қисмига қуйидаги, яъни “Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жинси, ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат қобилияти ва иложи борича, ихтисослиги бўйича меҳнат қилиши лозим” деган таҳририй тузатиш киритилди.

Яна бир муҳим масала. Қонун лойиҳасини парламент қуйи палатасининг жорий йил 2 август куни бўлиб ўтган мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида ундаги Жиноят-ижроия кодексига киритилаётган янги 97модда депутатлар эътирозига сабаб бўлган эди. Ушбу модда устида қонун ташаббускорлари билан узоқ бахслашдик, ўтказилган дебатда ҳам кўп таклифлар шу модда бўйича билдирилганди. Уларни инобатга олган ҳолда, ушбу моддага қатор ўзгартишлар киритилди.

ЖИЭМда тузиладиган комиссия таркибига жамоатчилик вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, маҳалла фаоллари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Омбудсманнинг минтақавий вакили ҳам киритилганини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳада маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулосани муассаса маъмурияти эмас, балки мазкур комиссия томонидан расмийлаштирилиши белгиланди. Шу муносабат билан Жиноят-ижроия кодексининг 1021-моддасининг иккинчи қисмига тегишли ўзгартишлар киритилди. Бу эса, мазкур масалада коррупциявий омилларни олдини олишга, маҳкумларга очиқ, шаффоф ва адолатли рағбатлантириш чораларини қўллашга хизмат қилади.

Умуман олганда, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтиришга, озодликка тайёрлаш жараёни самарадорлигини ошириш ҳамда тарбиявий таъсирни кучайтиришга хизмат қилади. Шу сабабли қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    331
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+