Халқ билан давлат ўртасидаги мулоқот бутунлай янги даражага кўтарилаётгани яна бир бор ўз исботини топди

29.09.2022, 10:24

Халқ билан давлат ўртасидаги мулоқот бутунлай янги даражага кўтарилаётгани яна бир бор ўз исботини топди

Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни янада жадаллаштириш зарурати Конституция такомиллаштирилишини ўта долзарб масала сифатида кун тартибига чиқарди.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган табригида Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айлангани айтилиб, конституциявий ислоҳотларнинг йўналишлари кўрсатиб ўтилган эди.

Асосий қонунимиз янгиланишини фуқароларимиз, халқимиз истаётганини, юртдошларимиз Бош қомус такомиллаштирилишига қаратилган кўплаб аниқ, асосли таклифларни илгари сураётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Конституцияни такомиллаштириш “Инсон қадри учун”, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя асосида олиб борилаётгани алоҳида эътиборга молик. Мамлакатимиз ҳаёти, келажагига дахлдор мазкур масала халқ билан бамаслаҳат, очиқ-ошкора муҳокама қилиб бориляпти.

Бош қомус ислоҳ қилинишида халқ фикрига таянилмоқда, билдирилган ҳар бир таклиф, мулоҳаза инобатга олинмоқда. Бу муҳим жараёнда O‘zLiDePнинг барча даражадаги кенгашлари ва бошланғич ташкилотлари депутатлар, фаоллар билан бирга фаол иштирок этди, тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиб, таклифлар олиш ишларини амалга оширди. Бундай қизғин фаолият нафақат O‘zLiDeP конституциявий ислоҳотларнинг ташаббускорларидан бири эканлиги билан, балки Асосий қонун такомиллаштирилиши асосида турувчи ғоялар партиямизнинг дастурий қарашларига ҳам оҳанглиги билан ҳам изоҳланади. Шунинг учун ҳам партиямиз мазкур масалага энг устувор масалалардан бири сифатида ёндашяпти.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси” китобида конституциявий ислоҳотлар бўйича белгилаб берилган 9 та йўналиш бўйича Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштиришга оид таклифларни тайёрлаш ва Конституциявий комиссияга тақдим этиш билан шуғулланувчи ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Ҳар бир ҳудудий кенгаш қошида махсус тарғибот гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.

Тадбирлар ўтказишда асосий эътибор турли соҳа ва тармоқлар қамраб олинишига қаратилди. Партия фаоллари корхоналар, хўжаликлар, хизмат кўрсатиш нуқталари, давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, тиббиёт ва таълим муассасаларида ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида мулоқотлар уюштирди.

Партиямиз тузилмалари, маҳаллий кенгашлардаги 2 минг 300 га яқин депутатимиз, 13 мингдан зиёд бошланғич партия ташкилотимиз билан бирга Конституция ислоҳ қилинишига бағишланган 7 минг 22 та тадбир ўтказиб, уларга 275 мингга яқин киши қамраб олинганини қайд этиш зарур.

Тадбирлар бир нарсани яққол кўрсатдики, аҳолининг барча қатламларида Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар катта қизиқиш уйғотмоқда. Фуқаролар партиянинг тарғибот гуруҳлари билан учрашувларда фақат тингловчи сифатида қатнашмасдан, кўплаб фикрларни ҳам илгари сургани алоҳида эътиборга молик.

Партия ишчи гуруҳларига 5 мингдан ортиқ таклиф билдирилди. Албатта, аҳолидан келиб тушган ҳар бир таклиф ортида одамларни ўйлантирган, Конституцияда акс этишини истаган орзу-интилишлари турганини яхши англаймиз. Шу туфайли таклифларнинг барчасига ниҳоятда диққат билан ёндашилди. Уларнинг орасида фикрлар такрорланган, ўхшаш ёндашувлар баён қилинганлари ҳам борлигини инобатга олган ҳолда таклифларнинг 2 719 таси Конституциявий комиссияга киритилди. Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 121 та жамоавий мурожаати ҳам тақдим этилди.

Буларнинг барчаси жамиятда конституциявий ислоҳотларга қизиқиш даражаси юқорилигидан, ўз вақтида бошланган ҳамда халқ истакларига мос янгиланишлар бўлаётганидан дарак беради. Эътиборлиси, фуқаролар, электоратимиз мамлакат ва жамият ҳаётининг деярли барча соҳаларига тааллуқли, юртимизда кечаётган ўзгаришлар ва партиямиз сиёсий позициясига ҳамоҳанг таклифларни илгари суряптилар.

Ҳудудларда ўтказилган учрашувларда аҳоли вакиллари Бош қомусимизда муаллифлар, ихтирочилар, олимлар, муҳандислар ва рассомларнинг илмий, техникавий ижоди, интеллектуал мулки қонун билан янада қаттиқроқ қўриқланиши тўғрисидаги нормани киритиш кераклиги борасида фикрлар билдиришди.

Бухоро давлат университети педагог ходимлари юборган жамоавий мурожаатда Конституциянинг 41-моддасида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ОТМларнинг тадқиқотлар ўтказиш эркинлиги ҳуқуқини кафолатлаш таклифи илгари сурилган. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри ва Тошкент вилоятининг Паркент тумани тадбиркорлари эса 53-моддада мулк дахлсизлигини кафолатлаш, иқтисодий муносабатларда инсофсиз рақобат ва монополлашувга йўл қўймаслик бўйича нормаларни кучайтириш таклифини йўллаган.

Банк билан муносабатга киришаётган мижоз ўз омонатлари, амалга ошираётган банк операциялари ҳақидаги маълумотларнинг бегоналарга ошкор бўлишидан манфаатдор эмас, албатта. Конституцияда банк тизими хизматидан фойдаланувчи мижоз ва банк муносабатлари ҳақидаги маълумотлар махфий сақланиши кераклиги, банк сири муҳофаза қилинишини мустаҳкамлаб қўйиш бўйича электоратимиз вакиллари томонидан таклифлар берилди. Асосий қонунимизнинг 36-моддаси иккинчи қисми “Банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек, мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши” таҳририда белгилаш лозимлиги таъкидланди.

Мана шу қизғин жараён ичида юрган, кўплаб мулоқотларда бевосита қатнашаётган бир инсон сифатида шуни қайд этаман: Конституцияни такомиллаштириш билан боғлиқ тадбирлар кейинги йиллардаги туб ислоҳотлар натижасида халқ билан давлат ўртасидаги мулоқот бутунлай янги даражага кўтарилганини яна бир бор намоён этяпти. Таклифлар, ташаббусларнинг кўплиги, хилма-хиллиги эса халқимиз Асосий қонун такомиллаштирилиши заруратини чуқур англаётгани ва қўллаб-қувватлаётганидан далолат.

Конституциявий ўзгартиришлар бўйича қонун лойиҳаси халқ вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда референдумга олиб чиқилганидан сўнг партиямиз мазкур босқичда ҳам фаол иштирок этади. Бу борада ҳаракатлар дастури қабул қилинган бўлиб, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонун талаблари асосида ишлаб чиқилган. O‘zLiDePнинг энг қуйи поғонасидан тортиб, марказий аппаратигача қамраб олинган махсус ўқувлар ўтказилди. Конституциянинг якуний лойиҳасини халқ орасида тарғиб қилиш бўйича алоҳида тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Ишончимиз комилки, халқ фикрини ўрганиш асосида Конституцияни такомиллаштириш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги сифат даражасига кўтариш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш ва Ўзбекистоннинг дунёдаги энг илғор давлатлари қаторига киришига улкан имкониятлар яратади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    285
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+