Юртимиз ўқитувчи ва мураббийлари доимо эл ардоғида бўладилар

30.09.2022, 16:02

Юртимиз ўқитувчи ва мураббийлари доимо эл ардоғида бўладилар

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо ҳаққин онинг юз ганж ила.

Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг ушбу сатрлари ҳар сафар ёдга тушганда, улуғ шоиримизнинг устозларга берган таърифи замирида катта маъно-мазмун ётганига амин бўламиз. Чунки, ўз шогирдига фарзандидек меҳр кўрсатиб, унга Ҳақни, оламни танитишда, унинг замонавий илм-фан асосларини мукаммал эгаллаб, ўз соҳасининг илғор мутахассиси бўлиб етишишида, элу юрт, Ватан равнақи йўлида меҳнат қиладиган, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган, ота-онасига раҳмат келтирадиган инсон бўлиб камол топишида барчамиз устоз деб улуғлайдиган, ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳиссаси беқиёсдир.

Президентимиз раҳнамолигида  сўнгги йилларда мамлакатимизда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда. Бу жараёнда инсон капиталига эътиборни янада кучайтириш, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этиш борасида муҳим дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида таълим тизими ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилаётгани, қўллаб-қувватланаётгани ўқитувчи ва мураббийларнинг янада фаол ишлашида муҳим омил бўлмоқда.

Умуман олганда бугун кенг жамоатчиликнинг эътибори айнан таълим тизимига қаратилган. Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида муҳокамаларида, Президентимиз томонидан илгари сурилган, Устозга бўлган юксак эҳтиром Конституциямизда ўз ифодасини топиши зарур, деган ташаббус халқимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланганига гувоҳ бўлдик.

Партиямиз Сайловолди дастурида ҳам узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматларидан фойдаланишни ошириш, меҳнат бозори талабларига мувофиқ юксак малакали кадрларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш алоҳида қайд этилган. Ўқитувчилар меҳнати бундан буён ҳам давлат ва жамият эътибори марказида бўлиши керак , деб белгилаб қўйилган.

Сайловолди дастурида таълим йўналишида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш борасида вилоятимизда фаолларимиз, депутатларимиз томонидан жойларда кўплаб ишлар амалга оширилаётганини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Жойларда соҳага оид барча қонун ва қонуности ҳужжатларининг самарали ижроси депутатларимизнинг қатъий назоратига олинган.

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон остонаси мактаблардан бошланади”, деган сўзлари бор. Шу сабаб, ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда, таълим масканларида фарзандларимизни китобхонликка, касб-ҳунарга йўналтиришда, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни партиявий воситалар билан ҳал этишда фаолларимиз, депутатларимиз бундан кейин ҳам самарали саъй-ҳаракатларни давом эттирадилар.

Мамлакатимизда 1 - октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” деб белгиланган. Шу муносабат билан уларни қутлар эканмиз, ўқитувчи ва мураббийлар доимо элу юрт, давлатимиз ардоғида эканликларини, уларнинг фаолиятлари  доимо қўллаб-қувватланишларини яна бир бор таъкидлаб ўтишни истардик. Байрамингиз муборак, азиз устозлар!.

Шерзод МАМАТҚУЛОВ

O'zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    374
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+