Депутат “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди

30.09.2022, 16:44

Депутат “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нигора Қутлимуратова Ҳазорасп туманидаги сайловчилар билан учрашди.

Дастлаб, депутат Ҳазорасп туманидаги ўзи таҳсил олган 45-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, 1 Октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мактаб жамоасини байрам билан муборакбод этди. Устозларга ЎзЛиДеП ташаккурномалари ва эсдалик совғаларини топширди. Шундан сўнг депутат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборот берди.

Шунингдек, халқ вакили тумандаги “Shamaks Textile Export”  тикувчилик цехида бўлиб, корхонада олиб борилаётган жараёнлар, ишчилар учун яратилган шароитлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишди.

Мазкур МЧЖда бугунги кунди 30 нафардан ортиқ маҳалладаги ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланган. Кунига 10 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқаришга мўлжалланган 30 та ускуна Хитой давлатидан келтирилган. 2 млрд банк кредити эвазига жорий йил февраль ойида ташкил этилишига қарамай ишлар анча йўлига тушиб улгурган. Ҳозирда бу ерда 35 турдаги эркаклар ва аёллар учун пайпоқлар ишлаб чиқарилиб ички бозорга йўналтирилмоқда. Келгусида режалар катта. Пайпоқларни қўшни давлатларга экспорт қилишни йўлга қўйиш билан бирга, корхона қошида болалар учун спорт кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган цех очиш режалаштирилган. Бу эса ўз навбатида яна 20-30 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади дегани.

Мулоқотлар давомида депутат корхонанинг келгусидаги фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда асосан маҳалладаги аёллар ва ёшлар дафтаридаги хотин-қизларни янги иш ўринларига жалб қилиш бўйича ўз таклиф-тавсияларини берди.

Халқ нойиби “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини таъминлаш доирасидаги ишлар самарадорлигини ўрганиш мақсадида Ҳазорасп туманидаги “Гулзор” маҳалласида ҳам бўлди.

Бугунги кунда мазкур маҳаллада 1245 та хонадон вакиллари аҳил иноқ истиқомат қилиб келмоқда. "Обод маҳалла" дастури доирасида 22 км тоза ичимлик суви қувирлари бунёд этилди. 672 та аҳоли хонадонларини сув тармоғига улаш ишлари якунланди. 573 хонадонни сув тармоғига улаш ишлари давом этмоқда. Муҳими дастур доирасида маҳаллага тоза ичимлик суви келди. 8 та трансформатор мукаммал таъмирланиб, 4 та янги трансформаторлар ўрнатилди. 8,9 км электр симлари янгиланди.  3 км умумфойдаланишдаги йўлларга асфальт ётқизилди. 15 км ички йўлларга тош ётқизиш ишлари якунланди. Мулоқотлар давомида асфальт ётқизишда хом ашё етишмаганлиги сабабли чўзилишлар бўлаётганлиги айтилди.

Депутат маҳалла худудидаги 2 та мактаб, 1 та мактабгача таълим ташкилотларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди.

Халқ вакилининг кейинги манзили маҳаллада яшовчи Рустам ота Хажиев хонадони бўлди. Тиниб тинчимас бу отахон мамлакатимизда томорқачилик ва иссиқхоначиликни ривожлантиришга қаратилган эътибор ва имкониятлардан фойдаланиб, бундан 5 йил олдин ўзининг 7 сотихлик уй томорқасида мўжазгина иссиқхона ташкил қилиб, лимон етиштиришни йўлга қўйган. Ҳозирда бу ерда 100 туп лимон кўчатидан йилига 4 тонна ҳосил олинмоқда. Рустам ота фақат лимончилик билан чекланиб қолмаганлар. Тиниб тинчимас деҳқонимиз 55 бош қорамол ва 100 бошга яқин куркаларни ҳам парваришлаб, чорвачилик ва паррандачилик борасида ҳам ички бозорни сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлашда кўмаклашмоқда. Депутат «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида Рустам ота тажрибасини оммалаштириш ва маҳалладаги ишсиз ёшларни отага бириктириш, уларга тадбиркорлик кўникмаларини ва томорқадан самарали фойдаланиш сирларини ўргатиш зарурлигини билдирди.

Озода Қаландарова,

O’zLiDeP Ҳазорасп туман Кенгаши

аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    478
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+