Сиздан бошланади асли тафаккур...

30.09.2022, 16:44

Сиздан бошланади асли тафаккур...

Ҳар биримиз устоз қўлида сабоқ олганмиз. Илк мактаб остонасига қадам қўйганимизда қўлимизга қалам тутқазган, илм бўстонига олиб кирган бундай табаррук зотларни қанча эъзозласак кам. Бинобарин, халқимизда устоз отангдан улуғ, деган ҳикмат юради. Бунда сира ҳам муболаға йўқ. Чунки ота фарзандига ҳаёт ато этса, устоз яшашга ўргатади, илм ва маърифат дунёсига етаклайди.

Устоз ҳақида фикр юритганда, шуни қўшимча қилиш жоизки, у шогирдига “Алифбо”дан “Қомус”гача ўргатиш боробарида, инсонийлик, меҳр-оқибат, одамийлик, юртга муҳаббат, туғилиб ўсган масканга садоқат ҳамда Ватанга бўлган фарзандлик бурчидан сабоқ беради. Аслида устоз босиб ўтган ҳаёт йўлининг ўзи чин инсонийлик китобидир. Мен ҳақиқий инсонни ва инсонийликни устозларим тимсолида кўраман ва ёшлигимдан устозларимдай бўлишга интилганман.

Азалдан буюк инсонлардан тортиб, оддий кишиларгача устозга эҳтиром кўрсатар экан, бу анъана бугунги кунда ҳам бардавом.

Аммо тан олиш керак,  шундай даврлар ҳам бўлдики, устозлар меҳнати қадрланмади, улар мажбурий меҳнатга жалб қилинди. Ўз иши ва касби қолиб, турли ободонлаштириш юмушларига жалб этилди. Илм аҳлига қилинган бу каби тажаввузлар албатта, ёш авлоднинг илму маърифат эгаллашларига ҳам салбий таъсир этмасдан қолмади. Шукурки, бугунги кунда ўқитувчиларимиз ҳақиқий маънода устозлик мақомига эга бўлди. Давлатимиз томонидан уларнинг ўз касби билан мунтазам шуғулланиши ва миллат болаларини илмли қилишдек масъулиятли вазифа юклатилди. Шунга кўра мактаблар таъмирланиб, янгилари барпо қилинмоқда. Ўқитувчи ва мураббийларнинг болаларга эмин-эркин сабоқ беришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Илм аҳли моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб қувватланмоқда.

Айтмоқчи, ўзим 30 йил тиббиёт соҳасида ишлаб, қанчадан-қанча устозлар қўлида ишлаб, улардан кўп нарсани ўргандим. Кейинчалик ўзим ҳам кўплаб, йигит-қизларга устозлик қилдим. Нафақат таълим соҳасида тиббиёт, иқтисодиёт, саноат, қўйингки, барча соҳаларда ўз соҳасини мукаммал билган мутахассисларни ёшлар ўзлари учун устоз деб билишади. Чунки, институтни энди битириб келган ёш мутахассислар ОТМдан назарий билимларни ўрганган бўлишса, ҳақиқий ҳаётий билим ва кўникма устоз қўлида эгалланади. Шунинг учун ҳам ҳар бир мутахассиснинг ўз устози бўлади.

Устозлар нафақат касб байрами куни балки ҳар куни ҳар лаҳзада эсланиши ва эътиборда бўлиши лозим. Устозини эъзозлаган ва унга эҳтиром кўрсатган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Устозга ҳурмат, эртага шогирддан иззат бўлиб қайтади.

Шундай экан, барча-барча устозларни мамлакатимизда кенг нишонланаётган Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклар эканман, уларга битмас-туганмас соғлик, саломатлик, тетиклик ва бахту иқбол тилайман. Бошимизга доим омон бўлинг, қадрдон муаллимлар.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    416
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+