Улкан ўсиш салоҳиятига эга муносабатлар

04.10.2022, 11:26

Улкан ўсиш салоҳиятига эга муносабатлар

Шу кунларда Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 73 йиллигини нишонламоқда. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бугунги кунда Хитой қашшоқликка барҳам бериш ва ҳар томонлама фаровон  жамият қуриш борасида тарихий муваффақиятларга эришди. Ҳатто 2021 йилда,  дунёда пандемия тарқалган ва мураккаб халқаро шароитда ҳам Хитой иқтисодиёти жаҳон иқтисодиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолган ҳолда, ижобий ўсиш суръатини сақлаб қолди. Хитой ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоизга ўсиб, қарийб 17,7 триллион долларга етди, бу дунё иқтисодиётининг 18 фоизини ташкил қилади.

Хитой Халқ Республикаси “барқарорликни сақлаб қолган ҳолда,  тараққиётга интилиш” тамойилига содиқ қолган ҳолда, макроиқтисодий сиёсатни оптималлаштириш ва бандликни оширишда давом этмоқда. Шу билан бирга Хитой инвестицияларни изчил жалб қилиш ва экспортни  ривожлантириш мақсадида жаҳонда рақобатбардошликни мустаҳкамлаб,  ўзининг ташқи очиқлигини ҳам кенгайтирмоқда.

ХХР да аҳоли фаровонлигини яхшилаш борасида амалга оширилаётган  ишлар дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳукумат таълим сифатини ошириш ва ўртача даромадли аҳоли улушини муттасил ошириш орқали аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга катта эътибор қаратмоқда.

Жорий йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва стратегик шериклигимизнинг 10 йиллиги нишонланмоқда. Олий даражадаги мунтазам алоқалар самарасида, давлатлараро ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражага чиқди, мукаммал ва жадал тус олди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти - “Олий Даражали Дўстлик” орденига сазовор бўлган биринчи ҳорижий давлат раҳбар бўлгани рамзий маънога эга. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу мукофотни топширар экан, Хитой Раиси халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари, ишонч ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга улкан ҳисса қўшганини қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга йўллаган табригида дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай,  Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама  ҳамкорлик барча йўналишларда мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланади.

Хитой Халқ Республикаси Раисининг жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасидаги самарали учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик  шерикликни янги босқичга кўтарди.

Си Цзиньпин ўзининг “Хитой-Ўзбекистон муносабатларининг ажойиб  келажагини биргаликда қурамиз” дастурий мақоласида халқларимиз ўртасидаги азалий тарихий алоқаларни алоҳида таъкидлаб ўтган.

2021 йил якунларига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланма  ҳажми 8 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан буён 30 фоизга ошди. Сўнгги беш йилда ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган  инвестициялари ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик бўйича беш йиллик Дастур муваффақиятли амалга оширилмоқда. Иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўшма лойиҳалар самарали амалга оширилоқда. Минтақанинг транспорт боғлиқлигини мутаҳкамлаш ва ривожлантириш учун стратегик аҳамиятга эга бўлган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини бошлаш ҳақидаги келишув тарихий ҳужжат бўлди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Шу тариқа,  кенг кўламли геосиёсий ўзгаришлар шароитида минтақа давлатлари жаҳон бозорларига чиқишни таъминлайдиган қўшимча континентал йўналишларни изламоқда ва шу сабабли ушбу темир йўлнинг қурилиши минтақамизни  Шарқий Осиё ва Европа ўртасидаги асосий транзит йўллардан бирига айлантириш, Форс кўрфази ва Тинч океани портларига энг қисқа чиқиш  йўлини таъминлаш орқали савдо-иқтисодий ва транзит салоҳиятини  оширишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Шарқий Осиёдан  Яқин Шарқ ва Жанубий Европа мамлакатларигача бўлган масофани сезиларли даражада – 900 километргача, шунингдек юкларни етказиб бериш  муддатини – 7-8 кунга қисқартиради. Бу товарларни экспорт ва импорт қилиш таннархини пасайтириш орқали бутун Марказий Осиё минтақасининг экспорт салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, минтақамизни талаб юқори бўлган маҳсулотлар билан тўлдиришга ёрдам беради, иқтисодиётимизни модернизация қилиш учун зарур технологиялар оқимини тезлаштириш имконини беради ҳамда ташқи бозорларда  рақобатбардош товарлар билан савдони ошириш орқали валюта заҳираларини кўпайтиришга хизмат қилади.

Лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон учун унинг транзит салоҳиятини оширишга, келажакда Осиёдан Европага энг қисқа қуруқлик йўналишини таъминлайдиган қитъалараро транспорт йўлагининг муҳим иштирокчиларидан бирига айланишига, шунингдек, Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари билан  савдолар кўламини кенгайтиришга ёрдам беради. 

Хулоса ўрнида шуни қайд этамизки, Ўзбекистон-Хитой муносабатлари  бизнингча, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, электрон тижоратни ривожлантириш, саноат коперацияси, биринчи навбатда, автомобилсозлик, “яшил” энергетика соҳаларида илғор ғояларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига улкан ўсиш салоҳиятига эга. Умуман олганда, қашшоқликка қарши курашиш, ҳудудларни ривожлантириш ва кадрларни тайёрлаш бўйича илғор Хитой  тажрибасини янада кенг ўрганиш ва амалиётга тадбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.

Актам ХАИТОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    331
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+