Ўқитувчилар мавқеини юксалтириш янги Уйғониш даври пойдеворини бунёд этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга

05.10.2022, 16:07

Ўқитувчилар мавқеини юксалтириш янги Уйғониш даври пойдеворини бунёд этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга

Президентимиз 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мамлакатимиз педагогларига йўллаган табригида машҳур шоиримизнинг устозлар назарда тутилган “Сиздан бошланади асли тафаккур”, деган чуқур маъноли сатри тилга олинди. Дарҳақиқат, илмни етказишда, жамиятда инсон ресурсини шакллантиришда устозларнинг ўрни беқиёс.

Муаллимлар, олий таълим муасасаларининг профессор-ўқитувчилари одамларнинг онгу тафаккурини ўзгартирувчи куч ҳисобланади. Инсоннинг онги, фикрлаш йўсини ўзгармаса, жамият ҳам ўзгармайди. Инсон жамиятни, жамият эса давлатни ўзгартиришга қодир.

Бинобарин, Ватанимиз келажаги учун энг муҳим сармоя таълимга йўналтирилган саъй-ҳаракатлардир. Қимматли кадрлар бир ёки икки йилда шаклланиб қолмаслигини ҳаммамиз яхши тушунамиз. Бир боланинг замон талабига жавоб берадиган кадр бўлиб етишиши учун қарийб йигирма йил зарур. Бу – мактабгача таълимдан олий таълим якунигача бўлган босқичларни ўз ичига олган  давр.  Шу боис давлатимиз раҳбари қутловида: “... биз кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз” дея таъкидлангани бежиз эмас. Ўзгаришларнинг айримларини қайд этиб ўтиш жоиз: ҳудудлардаги мактабларга дарс бериш учун жалб этилган юқори тоифали ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди. 2022-2026 йилларда халқ таълими тизимини ривожлантириш бўйича Миллий дастур қабул қилинди. Мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича Миллий кенгаш ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Табрикда  ўтган ўқув йилида ёшларимиз халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида 45 та олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритгани тилга олинади.  Бу муваффақиятни таъминлаган омиллардан бири шуки, халқаро фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш тизими жорий қилинди. Илгари олимпиадада олтин ёки кумуш медаль олса, совриндор ўқувчига ҳам, уни тайёрлаган ўқитувчига ҳам нари борса битта фахрий ёрлиқ бериларди. Ҳозир эса улар салмоқли пул мукофотлари билан тақдирланмоқда.

 Эришилган муваффақиятлар билан қаноатланиб қолмаётганимиз, мазкур соҳани узлуксиз такомиллаштириш бундан кейин ҳам давлатимиз, ҳукуматимиз  диққат марказида бўлиши қувонарлидир. Президентимиз ўз табригида ўқитувчиларнинг нуфузи ва мақомини ошириш, уларнинг профессионал фаолият билан шуғулланишларига янада кўпроқ шароит яратиб беришга қаратилган чоралар кўрилиши хусусида ҳам тўхталиб ўтди. 

Мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича бошланган ишларни мантиқий якунига етказиш, барча ҳудудлар, айниқса, қишлоқ жойларда мактаблар қуриш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилиши, ўқитувчилар, тарбиячи ва мураббийлар, илм-фан соҳаси ходимларининг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, моддий таъминотини яхшилаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш шулар жумласидан. Шунингдек, бундан буён ҳам халқимиз билан маслаҳатлашилган ҳолда, жамоатчилик фикри атрофлича таҳлил қилиниб, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатилиши йўлидан борилади.

Мазкур ислоҳотлар ўқитувчиларнинг Янги Ўзбекистондаги нуфузи ва мавқеини янада оширишга хизмат қилади. Уларнинг ўз касбига меҳри ва садоқатини мустаҳкамлаб, жамият ардоғида бўлишга шароит яратади. Муаллимлар фаолиятига ҳуқуқий, моддий ва маънавий кафолатнинг берилиши эса инсон ресурсини шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Сайловолди дастурида таълим тизимини янада ривожлантириш, зиё тарқатувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифалари ҳам баён қилинган партиямиз вакиллари эса соҳадаги янгиланишлар амалга оширилишига янада кўпроқ масъулият билан ёндашадилар.

Дилором Худайбергенова,

Беруний туманидаги 11-сонли умумтаълим

мактаби директори,

Халқ депутатлари Беруний туман Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    704
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+