Юртимизда мажбурий меҳнатга тўла барҳам берилиши – янги Ўзбекистонни қуриш йўлида навбатдаги ютуғимиз

05.10.2022, 17:48

Юртимизда мажбурий меҳнатга тўла барҳам берилиши – янги Ўзбекистонни қуриш йўлида навбатдаги ютуғимиз

Мамлакатимиз эркин, ҳур бўлганидан кейин мустабид тузумнинг деярли барча асоратларидан жадал қутула борди. Аввалги жумлада “деярли” сўзини ишлатишга мажбур бўлганимиз боиси – истиқлолдан олдинги даврдаги айрим ижтимоий-иқтисодий “анъана”лар, хусусан, жамиятимиз оғриқли нуқталаридан бири – собиқ тузумга хос пахта сиёсати, гарчи мустақиллигимиз арафасида ҳам, ундан кейин ҳам  юксак минбарларда бу ҳолатга буткул чек қўйилиши ҳақида  ваъдалар берилган бўлса-да,  ўнлаб йиллар  давом этди.

“Оқ олтин” йиғим-терими кампанияларидаги мажбурий меҳнатнинг нақадар унумсизлигини қарийб ҳамма билади. Бюджет ташкилотларидан далага олиб чиқилаётган одамлар ич-ичидан норози эди. Чунки ҳар бир кишининг  ўз ташвишлари, зарур юмушлари бор.  Оммавий ҳашар хўжакўрсинга уюштириларди: одамларни учинчи ё тўртинчи теримдан кейинги, қолган-қутган пахталарни теришга олиб боришарди. Ҳар бир киши кун бўйи ўртача 10-12 кило хом ашё тўпларди, холос. Айримлар шунча ҳам термасди. Баъзи ташкилотлар ходимлари эса “ҳашар”ни “маёвка”га айлантириб юборарди. Эсиз, теримчиларга кетган транспорт, озиқ-овқат ва бошқа харажатлар, самарасиз тугаган ташкилотчилар меҳнати... Устига-устак, пахта теримидан қолиш учун айрим юртдошларимиз ё зари, ё зўрини ҳам ишга солиши одатий ҳол эди. Демоқчимизки, бундай зўрма-зўраки ишлар жамиятимиздаги иллатлар тегирмонига ҳам сув қуярди...        

2016 йил поёнига келибгина, яъни  президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонганидан сўнг аҳвол яхши томонга ўзгара бошлади. Кейинги 6 йил мобайнида республикамизда болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам бериш мақсадида муҳим меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Яқинда бу ҳужжатлар ижроси амалиётга изчиллик билан жорий этилаётгани, бу йўналишда олиб борилаётган ишлар самара бераётганидан далолат берувчи хушхабар тарқалди. Яъни, АҚШ Меҳнат департаменти юртимиз пахтасини мажбурий ҳамда болалар меҳнати орқали ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқарди. Эндиликда пахта саноатимиз учун дунёнинг 400 га яқин бренд ва ритейлер компаниялари, жумладан, машҳур “Adidas”, “Zara”, “C&A”, “Gap Inc.”, “H&M”, “Levi Strauss & Co.”, “Walmart” кабиларнинг эшиклари кенг очилди. Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг тизимли мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш борасида эришган муваффақиятлари тўла эътироф этилди. Ўзбекистон пахта маҳсулотларини АҚШга экспорт қилиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш учун янги имкониятлар юзага келди.

Мамлакатимизда пахтачилик соҳасини ислоҳ қилиш жараёни бошланганидан буён ўтган олти йил давомида 2 млнга яқин бола ва 0,5 млн дан зиёд катта ёшдагилар мажбурий меҳнатдан озод қилинган. Ушбу ютуғимизни рўёбга чиқарган дастлабки омиллардан бири – пахта етиштиришда давлат буюртмасининг бекор қилиниши бўлди. 2017 йилдан бери давом этаётган пахтачилик саноатимиздаги туб ўзгаришлар эса муваффақиятни мустаҳкамлади. Республикамизда ишлаб чиқариш занжирини механизациялашга, ишчи кучидан фойдаланишга бўлган эҳтиёжни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаётгани қувонарлидир. 

Фикрларимизни яқинда Президентимизнинг халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши сессиясида айтган қуйидаги сўзлари билан якунламоқчимиз:  “Мен шахсан Президент бўлиб, пахта ҳозир неча фоиз бажарилганини билмайман. Чунки манфаат бўлса, фермерлар, кластерлар ўзи бажараверади. Олдин қандай эди, йилнинг 3-4 ойи эгилиб, пахта териш билан ўтарди. Ўқитувчи ҳам, шифокор ҳам, зиёли ҳам далада бўларди. Яқинда йирик бир давлат раҳбари пахтамизни экспорт қилишни сўради. “Экспортга пахта йўқ, тўлиқ қайта ишлаяпмиз” десам ишонмади. Чунки олдин экспортимиз асоси пахта билан газ бўларди. Ҳозир эса пахтани ҳам, газни ҳам экспорт қилмаяпмиз. Ҳатто газни четдан сотиб ҳам оляпмиз. Сабаби, саноатимиз ривожланяпти. Ана шундай икки асосий маҳсулот четга сотилмаса ҳам экспортимиз ҳажми 2016 йилга нисбатан 5-6 баробар ошди”.

Беҳзод Исроилов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходими

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    373
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+