Тарбия билан бугун биз шуғулланмасак... эртага ўзгалар шуғулланишади

06.10.2022, 10:42

Тарбия билан бугун биз шуғулланмасак... эртага ўзгалар шуғулланишади

Бу ҳақда неча ўн йилларки, гапиряп­миз, ёзяпмиз, бонг уряпмиз. Лекин натижа-чи? Нега ўзгариш кам? Йил сайин бу борада қувонч ўрнини нега ташвиш эгалламоқда? Биз эса ҳамон таълим бирламчими ё тарбия, дея тортишиб ётибмиз. Катталар ёшлардан, ёшлар бўлса катталардан нолийвериб, вақтни, фурсатни бой беряпмиз. Хўш, нима қилиш керак?

Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, ўсиб келаётган навқирон авлодни ёт ғоялар ва мафкуравий хуружлар таъсиридан ишончли муҳофазалаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтаришда дастуриламал бўлаётгани ҳам бор гап.

Мазкур қонунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, жамоатчилик институтларининг вазифалари аниқ белгилаб берилган. Самарадорликни таъминлаш нуқтаи назаридан жамоатчилик назорати масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Тўғри, бугун мамлакатимизда ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этмоғи учун барча шароитлар яратилган. Бироқ глобаллашув жараёни шиддат билан давом этаётган, турли курашлар авж олган таҳликали замонда ота-оналар, маҳалла, устоз-мураббийларнинг янада ҳушёр ва огоҳ бўлиши сув ва ҳаводек зарур эҳтиёжга айланди бугун.

Ёшларни нафақат фаол, балки юқоридаги каби таҳдидларга қарши тура оладиган билимдон, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш ўта долзарб аҳамият касб этмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, ўзимиз тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун ёшлар билан кўпроқ гаплашиб, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечишда амалий ёрдам кўрсатишимиз, айниқса, уюшмаган қатлам билан ишлашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу вазифани самарали амалга оширишда эса асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой меросига таяниш катта натижа бериши аниқ.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекис­тон Либерал-демократик партияси “Ёшлар қаноти” барча таълим муассасалари ўқувчиларини кичик бизнесга жалб қилиш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан, ЎзЛиДеП ишбилармонлик кўникмаларини ўзлаштириш, замонавий ахборот-компютер технологиялари, интернет хизматидан, миллий ва хорижий ахборот-кутубхона фондларидан фойдаланиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасидаги инноватсион лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Бу эса Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракатида ёшларнинг қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқишида пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, буюк аждодларимиз эришган оламшумул ютуқлар замирида, аввало, она Ватанга хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассам эканини кўрамиз. Масалан, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ алломалар, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби шоир ва мутафаккирлар, Абдулла Авлоний, Фитрат, Абдулла Қодирийдек маърифатпарварлар машҳур илмий кашфиётларини, ўлмас бадиий асарларини айнан навқирон вақтларида яратганларини ҳаммамиз яхши биламиз ва бу билан фахрланамиз ҳам ҳатто. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, неча асрларки, томиримизда улуғларимизнинг қони оқяпти, уларнинг муносиб ворислари бўлишимиз шарт, деган шиорбоп ваъдаларимизни қай даражада оқлаяпмиз? Мақтаниш, фахрланиш ўз йўлига, лекин бугун кечаги давр эмас, техника, интернет, глобаллашув жараёни яшин тезлигида ўзгаряпти. Дунёга Ўзбекистон номини танитаётган, байроғини баланд кўтараётган авлоддан умидимиз катта. Демак, мамлакат раҳбари қайта-қайта таъкидлаётган таълим масаласига давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида катта эътибор қаратилаётган бир пайтда тарбияга ҳам ана шундай муносабат шаклланмоғи шарт.

Бугун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этган ҳолда, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида улкан қадамлар қўйилмоқда. Бу борада мутлақо янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилганини таъкидлаш лозим. Ушбу мактабларда таълим олаётган кўплаб ўқувчилар нуфузли халқаро танловларда юқори натижаларни қўлга киритишяпти.

Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг мамлакатимизга ташрифи чоғида таъкидлаганидек, сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга етмайди. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 6 фоиздан ошган. Бу – катта эътироф, албатта.

Парламентлараро иттифоқ кўмагида “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” деган эзгу ташаббусни амалга оширамиз. Ушбу тизим асосида сиёсий етук ва фаол йигит-қизларни миллий парламент ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этамиз.

Халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ғайратли, фидойи ўғил-қизларимиз Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилди. Шу билан бирга, Президентимиз ташаббуси билан маҳаллий кенгашларда Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилди. Иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари” шакллади.

Барчамизни жиддий ўйлантираётган, ташвишга солаётган яна бир кечиктириб бўлмайдиган масала бу – эртамиз эгалари бўлган ёшларимизнинг тарбияси, яъни одоб-ахлоқи, маданий савияси билан боғлиқ. Табиийки, бу борада ҳам амалий ишлар давом этяпти. Аммо булар ҳали етарли даражада эмаслигини очиқ тан олишимиз лозим. Олдимизда турган қуйидаги муҳим жиҳатларни ҳам унутмаслигимиз керак.

Аввало, ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини янада ривожлантириш доимий эътиборимиз марказида бўлиши лозим. Зотан, ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, оилавий ажралишлар, бузғунчи ва радикал оқимлар таъсирига тушиш ҳолатлари  ҳозир ҳам давом этаётганини яширишга ҳожат йўқ.

Фарзандларимизга мутлақо ярашмайдиган, бизга иснод келтирадиган беъмани воқеаларга гувоҳ бўляпмизки, улардан ҳам кўз юммаслигимиз лозим. Масалан, халқимизнинг муқаддас қадриятлари, анъаналарига зид қилиқларни ижтимоий тармоқларда кузатяпмиз. Табаррук қадамжоларга беписанд муносабатда бўлаётган ёки улуғ боболаримизнинг қадамжолари, ҳайкалларини калака қилиш ҳолатлари учраётганини кўряп­миз-ку!

Болаларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ёки уларнинг фуқаролик позитсиясини мустаҳкамлаш нақадар зарур эканини қайта-қайта таъкид­лаш шарт эмас деб ўйлайман. Навқирон авлоднинг онги, тафаккурини салбий, нохуш таъсирлардан ҳимоя қилиш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш ўзини шу юртнинг фуқаросиман деб ҳисоблайдиган ҳар бир инсон учун асосий бурч ва вазифа бўлиб қолиши зарур.

Ғайрат АБДИЙEВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фраксияси аъзоси

  • Кўрилди
    402
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+