Қариси бор уйнинг париси бор

12.10.2022, 10:06

Қариси бор уйнинг париси бор

Кексалари бор хонадонда қувонч, файз-барака, хотиржамлик ҳукм суради. Ёши улуғларга эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш эса неча минг йиллардан буён яшаб келаётган боқий қадриятларимиздан ҳисобланади.
Давлатимиз томонидан ҳам кексалар эъзозланиб, ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилнинг 3-9 октябрь кунлари “Кексалар ҳафталиги” деб эълон қилинди ва барча ҳудудларда турли тадбирлар ташкил этилиб, нуронийлар ҳолидан хабар олинди.

Ушбу ҳафталик доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал демократик партияси Навоий вилоят ҳудудий партия ташкилоти Фахрийлар кенгаши ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими томонидан кекса авлод вакилларига эътиборни кучайтириш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида нуронийлар хонадонларига борилди.

Кармана тумани, “Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи Муродали бобо Норов 82 ёшда. Муродали бобо 47 йиллик меҳнат фаолияти давомида Навоий қурилиш бошқармаси автобазасида ҳайдовчи, ташкилот бошланғич Касаба уюшмаси раиси ўринбосари, бир неча йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида масъул лавозимларда хизмат қилиб, нафақага чиққан.

– Спортнинг кураш тури билан шуғулланганман, – дейди Муродали бобо Норов. – Гарчи ҳозир 82 ёшда бўлсам-да, ўзимни тетик сезаман. Бу ҳам спортнинг фойдаси. Ҳар куни эрталаб пиёда юришни канда қилмайман. Ёшларга ҳам набираларимга ҳам спорт билан шуғулланишларини айтаман.

Кармана туманидаги “Арғун” маҳалласида истиқомат қилувчи 85 ёшни қаршилаган фахрий ўқитувчи Ҳимматулло ота Раҳматов, Навоий шаҳридаги “Янгиариқ” маҳалласида истиқомат қилувчи 89 ёшли Абри бобо Раҳматовнинг ҳам ҳолидан хабар олинди.

Улар билан дилдан суҳбат қурилиб, ёшлик йиллари воқеалари ёдга олинди, отахонлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Кексаларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром, улар саломатлигини асраш ва ҳаётий тажрибаларидан унумли фойдаланиш келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларнинг эртанги куни янада порлоқ бўлишига хизмат қилади.

Абдували Бўриев, ЎзА

  • Кўрилди
    687
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+