Хусусий мулк дахлсизлиги қандай кафолатланган?

15.10.2022, 11:49

Хусусий мулк дахлсизлиги қандай кафолатланган?

Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг қабул қилинган илк тарихий ҳужжатлардан бири – “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги қонундир. Унда ҳар бир шахс мулк ҳуқуқига эга бўлиши ва мулкнинг дахлсизлиги аниқ белгилаб берилган.

Бу йил қабул қилинганига 30 йил тўладиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эса мамлакат иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани кафолатланган.

Мазкур конституциявий қоида тадбиркорликка оид қонунчилик ҳужжатларининг яратилишига асос бўлиб хизмат қилди. Ўтган йиллар мобайнида бу соҳада қатор ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Эндиликда уларни яхлит қонунга, яъни кодексга айлантириш эҳтиёжи юзага келди. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган инс титуционал тизим яратилганини алоҳида таъкидл аш жоиз. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйи ча вакили (бизнес омбудсман) ташкил этилгани ҳам фикримиз далилидир.

Айни пайтда хусусий мулк дахлсизлиги билан боғлиқ низолар, жумладан, носоғлом рақобат натижасида тадбиркорнинг мол-мулкидан айрилиши, давлат органининг мансабдор шахси томонидан чиқарилган ноқонуний қарорлар сабаб мулкнинг олиб қўйилиши ёхуд адолатли товон пулини бермаслик билан боғлиқ муаммолар ҳалигача тўлиқ ечимини топмагани ҳам ҳақиқатдир.

Аслини олганда,  монополия, носоғлом рақобат ва қонун устуворлигининг таъминламаслиги давлатнинг иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўладиган омиллар ҳисобланади. Бундай иллатлар мавжуд муҳитда тадбиркор ўзининг новаторлик ғоялари билан давлат иқтисодиётига ҳиссасини қўшиши имконияти чекланади, аҳоли даромади ошмайди. Сифатсиз маҳсулотларни истеъмол қилувчи макон пайдо бўлади.

Конституциявий ислоҳотлар жараёнида хусусий мулк дахлсизлиги билан боғлиқ қатор қоидалар ишончли кафолат сифатида белгиланишини кўришимиз мумкин. Хусусан, 53-моддада иқтисодий фаолиятда носоғлом рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилинмаслиги ўз аксини топмоқда.  Агар мулк жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равишда  бошқа  шахсга ўтказилса, ўрнини олдиндан ва тенг қийматда қоплаш шарти белгиланмоқда.

Бинобарин, Президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашув жараёнида таъкидлаганидек, Асосий қонунда фуқароларнинг  уй-жойга  бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш зарур.

Модомики, мулкнинг ҳуқуқий тақдирини белгилаш, юзага келган низоларни бартараф этиш фақат суд томонидан ҳал қилиниши халқаро ҳужжатлар ва ривожланган давлатларнинг тажрибалари билан исботланган. Хусусий  мулкни ҳимоя қилишга қаратилган қоидаларнинг Конституция  даражасида  акс эттирилиши, хусусан, ҳеч бир шахс ўз мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмаслиги қатъий норма сифатида киритилиши жамиятнинг иқтисодий негизи саналган бозор муносабатларининг ривожланишига, қулай ва хавфсиз бизнес муҳитининг шаклланишига хизмат қилади.

Азат МАТМУРАТОВ,

Халқ депутатлари Тахиатош туман кенгашидаги

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1042
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+