Пиёдаларни алдаётган светофор

20.10.2022, 15:24

Пиёдаларни алдаётган светофор

Ҳозирча муаммо ҳал бўлмади, лекин ҳаракат бошланди

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИ... “ҲАЁТ ҚОНУНИ”ГА АЙЛАНИБ ҚОЛГАН БИР ПАЙТДА БАЪЗАН ШУНДАЙ НОХУШ ҲОЛАТЛАР ҲАМ РЎЙ БЕРЯПТИКИ, ЙТҲДА ПИЁДА ЁКИ ҲАЙДОВЧИЛАР ЭМАС, БАЛКИ ЧОРРАҲАЛАРДА ЎРНАТИЛИШИ ЗАРУР БЎЛГАН ВА КЕРАКЛИ ДАСТУРГА АСОСАН ИШЛАЙДИГАН СВЕТОФОРЛАРНИНГ ЙЎҚЛИГИ САБАБ БЎЛМОҚДА.

Ана шундай хавф туғдирувчи жойлардан бири пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани “Феруза” мавзеси Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси билан Феруза кўчалари кесишувидаги чорраҳадир. Трамвай йўли олиб ташланганидан сўнг ўрнатилган светофор нотўғри ишлаб келаётгани хусусида фуқаролар тегишли идораларга неча марта мурожаат қилишган. Лекин ҳеч қандай амалий чора кўрилмаган.

Яқинда бир гуруҳ фуқаролар, яъни сайловчилар билан ўтказилган учрашувда ана шу жиддий муаммо ўртага ташланди. Айтилган ҳудудга мутахассислар билан бориб, ҳолатни ўрганиб кўрсак, ростданам светофорларнинг ишлаш вақт оралиғи нотўғри дастурланган экан. Яъни, пиёдалар ҳаракатланиши учун яшил чироқ ёнса, тўғридаги автомашиналарга ҳам йўл очилаётганди. Оқибатда Феруза кўчасидан Мирзо Улуғбек шоҳкўчасига (“Чимган” чорраҳасига томон) буриладиган транспорт воситалари пиёдаларни умуман ўтказмаётганига гувоҳ бўлдик.

Бу ҳам камлик қилганидек, светофорнинг пиёдалар учун тескари томонга ўгирилгани жуда ноқулай ҳолатни туғдираётганди. Хавфли тарафи, чапга бурилаётган автомашина ҳайдовчилари пиёдаларга қайси чироқ ёнганини кўрмаслигидир. Айнан шу светофорнинг нотўғри ишлаши сабабли мазкур чорраҳада тез-тез ЙТҲлар содир бўлиб турар экан. Муаммога зудлик билан чора топиш зарурлиги боис иккита аниқ таклиф билан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази давлат муассасаси раҳбари номига депутатлик сўрови юбордим.

Сўровимга асосан чорраҳадаги светофорнинг ишлаш тартибини ўрганиш мақсадида тегишли маҳкамалар мутахассислари билан бирга ўша жойга бордик. Муаммони ижобий ҳал этиш учун қўшимча светофор ўрнатиш лозимлиги бўйича таклиф берилгач, қонуний тартибда ўлчов ва схема чизиш ишлари амалга оширилди. Орадан кўп вақт ўтмай, янги йўл чироғи ўрнатилди. Лекин яна фуқаролар светофор такрорловчи дублёр вазифасини ўтаётганидан шикоят қилишди.

Тағин мутасаддиларга юзландим. Улар яна текшириб кўришди ва светофорларни тўғри дастурлаш бўйича аниқ ечим топилмаганини аниқлашди. Хатарли томони, пиёдалар йўлнинг ўрта қисмида кутиб туришлари, майдоннинг етарли эмаслиги натижасида ҳатто йўловчилар тирбандлиги ҳам юзага келса бўладими. Бу муаммога ҳам ечим топиш бўйича мурожаат этишга мажбур бўлдим. Афсуски, бу таклифлар инобатга олинмади, айрим сабаблар рўкач қилинди. Қўл қовуштириб ўтирмадим ва яна Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳузуридаги махсус эксплуатация-монтаж бошқармаси бошлиғи билан мазкур муаммо ечимини топиш бўйича маслаҳатлашдик. Орадан кўп вақт ўтмади. Масъуллар Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 мартдаги 111-сонли қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрининг 140 та чорраҳасида янги лойиҳа асосида реконструкция ишлари ишлаб чиқилаётгани боис мазкур чорраҳада ҳам янги лойиҳа асосида реконструкция ишлари амалга оширилиб, пиёдалар учун йўлаклар ташкил этилиши режага киритилганини маълум қилишди. Ўйлайманки, шу билан мазкур муаммонинг аниқ ва тўғри ечими топилди.

С. КУМУШЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар

Мирзо Улуғбек тумани кенгаши депутати

  • Кўрилди
    416
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+