Янги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти корхона ишчи ходимларига тушунтириб ўтилди

04.11.2022, 16:43

Янги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти корхона ишчи ходимларига тушунтириб ўтилди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат кодекси тасдиқланди. Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган кодекс фуқароларнинг меҳнатга жалб этишнинг янги шаклларини назарда тутади.

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари турли ташкилотлар, муассасалар, корхона ва тадбиркорлик субъектларида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг тарғиботига бағишланган тадбирлар ташкил қиляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов, Сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари Сирдарё вилоятида тарғибот тадбирларини ўтказди.

Депутатлар “Мили текстил Сирдарё” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, янгиланган Меҳнат кодексига киритилган ўзгартириш ҳақида корхона ишчи ходимларига батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, амалдаги кодексда айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатини тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари акс этмаган. Хусусан, касаначилар, жисмоний шахс бўлган иш берувчида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ишчилар, шунингдек, ЯТТда ёлланма асосида ишловчилар, ўриндошлар, вақтинчалик ва мавсумий ишчилар, сменали ишчилар, масофавий ишчилар ҳуқуқ ва манфаатлари белгиланмаган.

Янги таҳрирда кучга кирадиган кодекс ҳажми амалдагига нисбатан деярли 3 баробар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган. Унга бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди.

Мулоқотдан сўнг депутатлар мазкур корхона фаолияти билан яқин танишдилар. Ҳозирда ушбу корхонада 400 та янги иш ўрни яратилган. Корхона 33 миллион AҚШ доллари, шундан 16 миллион 500 минг AҚШ доллари “Миллий банк” кредит маблағлари ҳисобига барпо этилди. МЧЖ қошида 5 та цех бўлиб, ишчи-хизматчилар пахта титиш, пахтани бутлаш, пиликлаш, калава ипни ҳалқалаш ва йигириш ҳамда ипни ўраш цехларида фаолият олиб боришмоқда. Бу ерга ўрнатилган энг замонавий ускуналар Германиянинг “Труслер” компаниясида ишлаб чиқарилган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бугунги кунда Хитой ҳамда Туркия давлатларига экспорт қилинмоқда.

Бугунги кунда мазкур корхона қошида партиянинг бошланғич ташкилоти фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, партия тарғиботида фаоллик кўрсатиб келмоқда.

  • Кўрилди
    541
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+