O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

09.11.2022, 12:34

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда O'zLiDeP Сиёсий Кенгашининг XI мажлисини чақириш ҳамда партия фаолиятинининг бир қатор ташкилий жиҳатлари билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Биринчи масала муҳокамасидан кейин партия Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлисини 2022 йил 14 ноябрь куни Тошкент шаҳрида чақириш бўйича қарор қабул қилинди, унинг кун тартибига киритиладиган масалалар кўриб чиқилди.

Ижроқўм йиғилишида шунингдек Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаоллари ва партия депутатик корпуси вакилларининг одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этиши масаласи ҳам кенг муҳокама қилинди.

Бундай муҳокамага ўтган ҳафтада O'zLiDePнинг собиқ аъзоси, халқ депутатлари Қамаши туман кенгаши депутати Нуртоев Панжи Норбоевич томонидан йўл қўйилган ва кенг жамоатчиликнинг салбий муносабатига сабаб бўлган ножўя хатти-ҳаракатлари сабаб бўлди.

Сўзга чиққанлар партия сафига киришга, у томонидан депутатликка номзоди кўрсатилишига рози бўлган ҳар бир шахс шу қарори билан ўз зиммасига жуда катта масъулиятни ҳам олишини ва бутун кейинги фаолияти давомида зиммасидаги масъулият юкини ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлаб ўтишди. Чунки, эндиликда унинг ҳар бир хатти -ҳаракати туфайли нафақат унинг ўзига, балки вакили бўлган сиёсий партияга ҳам баҳо берилиши айтиб ўтилди. Ваҳоланки, ўз хатти-ҳаракати билан сиёсий партия номига доғ туширишга партия аъзоларининг ҳам, ундан номзоди кўрсатилган депутатларнинг ҳам ҳаққи йўқлиги таъкидланди.

Бундай масъулият айниқса, O'zLiDeP партияси фаоллари, шу партиядан сайланган депутатлар учун янада юқори эканлиги, демак ҳар бир партия фаолининг қилаётган иши, гапираётган гапи мана шу масъулиятга мос бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш иштирокчилари ушбу қоидаларнинг барчаси “O'zLiDeP фаолиянинг одоб-аҳлоқ кодекси”да акс этганлиги, унда белгиланган нормалар орасида партия фаоллари ва депутатлик корпуси вакиллари томонидан партия номига доғ тушириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик, ўз фаолиятида қонунга зид бўлган усулларни қўлламаслик, турли баёнотлар, фикрлар билдирилишида кейинчалик ушбу фикрлар у вакили бўлган партия номига боғлаб талқин килинишини чуқур англаган  ҳолда асоссиз, жамиятда қабул қилинган аҳлоқ нормаларига зид фикрлар билдириш, баёнотлар қилишдан ўзини тийиш каби ҳолатлар ҳам ўз аксини топганлиги эслатиб ўтилди.

П.Нуртоев иштирокида рўй берган ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун ҳудудий кенгашларда партия фаоллари ва депутатлар иштирокида ушбу ҳолатни кенг муҳокама қилиш, партия фаолларининг одоб-аҳлоқ кодексида белгиланган қоидаларни тушунтириш ишларини кенгайтириш борасида тизимли фаолиятни йўлга қўйиш борасида келишиб олинди.

Бу ишларда партия худудий кенгашлари раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Ижроия Қўмитаси аъзолари таклифлари асосида партиянинг барча ҳудудий кенгашлари қошида одоб-аҳлоқ комиссиясини тузишга келишиб олинди.

Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    499
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+