Партия ишчи гуруҳи: давлат дастурининг 287-банди бажарилиши қониқарлими?

10.11.2022, 18:02

Партия ишчи гуруҳи: давлат дастурининг 287-банди бажарилиши қониқарлими?

Юртимизда шундай саноат корхоналари ҳам борки,  уларнинг чиқиндилари (тутун, чанг, оқова сув ва иш жараёнида ҳосил бўлган бошқа заҳарли суюқликлар ҳамда қаттиқ шаклдаги унсурлар) табиатга хавф солади.

Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг олтинчи устувор  йўналишида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, инсонлар саломатлигини асрашга хизмат қилувчи аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, дастурнинг  287-бандида “Атроф-муҳит мониторинги доирасида 685 та хўжалик юритувчи субъектнинг ифлослантирувчи манбаларидан намуналар олиш ва уларни таҳлил қилиш” баён қилинган. Бу йўналишдаги ишлар ҳолати қандай? Шу саволга жавоб топиш учун давлат дастурининг олтинчи устувор  йўналиши бўйича партиямиз фаолларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ташаббуси билан кеча “Атроф-муҳит мусаффолигига хавф солувчи объектлар мониторинги: натижалар ва хулосалар”  мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Партиямиз депутатлари ва ишчи гуруҳ аъзолари саволларига Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассислари Гулнора Хожабекова, Зуҳра Джалилова, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходими Жавоҳир Фаёзов жавоб бердилар.

Маълум бўлишича, давлат экология қўмитаси раисининг тегишли буйруғига биноан давлат экологик мониторинги ўтказиладиган объектлар сони  790 тага етказилди. Шу йилнинг  9 ойи давомида 762 та (2021 йилнинг худди шу даврида 591 та корхонада экологик назорат амалга оширилган)  корхонанинг 5 минг 368 та (2021 йилнинг мос даврида 4 минг 995 та) ифлослантирувчи манбаларида мониторинг амалга оширилди. Натижада  284 та объектнинг 552 та манбасида белгиланган меъёрлар бузилиши аниқланди.

Мониторинг натижаларига асосан хўжалик субъектларига 16,66 млн. сўм жарима солинган, шунингдек, тартиббузар корхоналар ҳисобидан 12 млрд 993,24 млн сўм компенсация тўланиши белгиланган.

Партиямиз фаоллари, ишчи гуруҳ аъзолари тегишли ташкилотларнинг бу борадаги фаолияти қамрови ва самарадорлиги тобора ошиб бораётганини эътироф этдилар.

Беҳзод Исроилов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси ходими, ишчи гуруҳ аъзоси

  • Кўрилди
    281
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+