O'zLiDeP 19 ёшда: Саодатли кунлар шукронаси

11.11.2022, 16:28

O'zLiDeP 19 ёшда: Саодатли кунлар шукронаси

O‘zLiDeP ташкил этилган дастлабки кунларданоқ дастурий мақсадларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиб келаётган оддий бир фаол сифатида Ватанни жондек севиш, эл корига яраш, юртни гуллаб-яшнатишдек эзгу вазифалар билан машғул эканимдан бахтиёрман. Тадбирларда қатнашаётган кекса-ёшнинг кўзларида илоҳий бир нур кўраман. Бу қисқа даврда амалга оширилган оламшумул янгиланишлардан, озод ва фаровон турмушдан розилик саодатли кунлар, бахтиёрликнинг шукронасидир.

Янгиланаётган Ўзбекистонимиз барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётгани, қўлга киритган улкан натижаларимизни бутун дунё тан олаётгани, мамлакатимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб, муносиб ўрин эгаллаётгани, бу ютуқларнинг асосий омили ва мезонини биринчи навбатда халқимизнинг сиёсий онги ва тафаккури ўзгариб, фуқаролик фаоллиги тобора кучайиб бораётганидадир. Дарҳақиқат, элимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, ҳаётдан розилиги, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш борасида улуғвор ишлар амалга оширилаётир. Буни рўй бераётган туб ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати, дахлдорлик ҳисси тобора ўсиб бераётганида кўришимиз мумкин.

Ўтган 19 йил мобайнида, масалан, бизнинг туманимизда партиямиз депутатлари ва фаоллари томонидан аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш, ёш авлод камолоти, ҳудуд иқтисодиётини юксалтириш борасида амалга оширилган ишларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Хусусан, халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига масала киритганимиздан сўнг, туман марказидаги қаровсиз бўлиб ётган 2 та Болалар истироҳат боғи капитал реконструкция қилиниб, жиҳозлантирилди ва фойдаланишга топширилди.

Депутатлик гуруҳимиз томонидан ёшларни иш билан таъминлаш учун янги саноат корхоналарини ишга тушириш, кўчаларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, хотин-қизлар ва ёшлар спортини ривожлантириш борасидаги қатор масалалар ҳам киритилиб, ижроси юзасидан қарорлар қабул қилинди. Партиядошларимиз ташаббуси билан “Муборактекс” пайпоқ фабрикаси ишга туширилди. Унда 200 нафар ёш учун янги иш ўрни яратилди.

Лалмикор деҳқончиликни ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш мақсадида сувсизликка чидамли дарахт кўчатларини ўтқазиш ва чўл ҳудудларида саксовулзорларни кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантиришда муқобил энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасида ишлаб чиқилган дастур асосида ишлаяпмиз. Ғоявий-сиёсий, тарғибот ишларининг самараси туфайли туманимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик йил сайин камайиб бормоқда.

Туманимизда 77 та бошланғич партия ташкилоти мавжуд бўлиб, уларда 6 993 нафар партия аъзолари қамраб олинган. Депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан бир пайтлар “Муборак иссиқлик электр маркази” АЖдан чиқадиган иссиқ сувлар билан иситиладиган иссиқхоналар қуриш таклифи туман кенгаши сессиясига олиб чиқилган эди. Шундан сўнг Муборак ГҚИЗ ва жамият ўртасидаги ташландиқ майдонларда иссиқхоналар ташкил этиш бошлаб юборилди. Ҳозирда 100 дан ортиқ иссиқхона ишга туширилган ва 141 киши иш билан таъминланган. Кам ёқилғи сарфлайдиган, замонавий ва тежамкор технологиялар ўрнатиб, энергиядан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш борасида изланаяпмиз. Муборак тумани чўл ҳудудида жойлашгани боис оқова сув тақчиллиги ёз ойларида кўп кузатилади. Бу йил деҳқонлар оқова сув етишмаслигидан кўп азият чекишди. Шу боис туманда қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришда томчилатиб суғориш ускуналарини келтириш ва ўрнатиш борасидаги ишларни назорат қилишни ноибларимиз ўз зиммаларига олишди. Бу борада ёш тадбиркор ва фермерларни молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадларини ошириш борасида қатор лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ташаббуси билан чиққанмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни партиямиз ташкил этилганининг 19 йиллик байрами билан табриклайман.

Панжи ЖАЛИЛОВ,

O‘zLiDeP Муборак туман кенгаши раиси, депутат

  • Кўрилди
    400
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+