Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, муаммо ва ечими таҳлил қилинди

11.11.2022, 16:40

Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, муаммо ва ечими таҳлил қилинди

Бугунги глобаллашув жараёнида хотин-қизларнинг ўрни ва роли ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис ислоҳотларнинг асосий мазмуни ҳам хотин-қизларнинг янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқишларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар ва ижтимоий-сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирок этишларини таъминлаш, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш, қолаверса, турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилмоқда. 

O’zLiDeP ҳам мана шу жараёнда четда тургани йўқ. Партиянинг жойлардаги Кенгаш ва ташкилотлари томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиёсий ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш йўналишида қатор тизимли амалий чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” томонидан партия Тошкент вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари: муаммо ва ечимлар” мавзусида ташкил этилган навбатдаги давра суҳбати айни мақсадда ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нигора Қутлимуратова, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази директори Муқаддам Расулова, партия фаоллари, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган аёллар, туман ИИБ масъул ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар гендер тенгликни ва тенг ҳуқуқлиликни таъминлашдаги ижтимоий адолат намунаси бўлаётганини алоҳида таъкидлашди.

Мамлакатимизда хотин-қизлар муаммоларининг ечими бўйича бугунги кунда мамлакатимизда шундай тизимли ишлар йўлга қўйилганки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг ташкил этилгани, бу қўмита қуйи негиз бўлган маҳалладаги энг чекка хонадонга кириб боргани фикримизнинг ёрқин исботи бўла олади.

Маълумотларга кўра, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Тошкент вилоят ҳудудий марказига 2022 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида мурожаатлар келиб тушган. Хусусан, 322 та ҳолатда аёлларга нисбатан зўравонлик содир этилган бўлса, 106 та жисмоний, 16 та жинсий, 267 та руҳий, 13 та иқтисодий зўравонлик қилинган. Оилада 396 та, иш жойида 3 та, жамоат жойида 19 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Зўравонликдан жабр кўрганлар мурожаатлари тизимли ўрганилиб, уларнинг 236 тасига психологик, 179 тасига юридик, 14 тасига тиббий, 63 тасига ҳимоя ордери олишда, 31 нафарига бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилган. Тошкент вилояти ҳудудий бўлимларининг  ётоқхоналарида 77 нафар шахс реаблитация дастурини ўташган. Таассуфки, ушбу рақамлар жамиятда илдиз отган хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги тазйиқ ва зўравонликка қарши биргаликда аёвсиз курашиш кераклигини англатади.

Тадбирда мазкур масала ҳам катта диққат ва эътибор билан тилга олинди. Атрофлича муҳокама қилинди. Аёлларни эъзозлаш, миллат оналарини жамият ва оиладаги мавқеини оширишда аҳолининг кенг қатламлари орасида тарғибот ишларини олиб бориш, маданиятини юксалтириш лозимлиги таъкидланди. Мазкур йўналишда келгусида ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар ҳақида келишиб олинди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлими мудири

  • Кўрилди
    526
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+