Туркий дунёни буюк келажак кутмоқда

11.11.2022, 16:41

Туркий дунёни буюк келажак кутмоқда

Дунё тамаддунининг бешиги ҳисобланган Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишининг ўтказилиши бежиз эмас. Чунки, Самарқанд азал-азалдан дунё мамлакатларини бир мақсад ва маслак йўлида бирлаштиришда мулоқот маркази вазифасини бажариб келган. Бугунги кунда ҳам қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар узоқ-яқин мамлакатларнинг энг нуфузли анжуманларига мезбонлик қилиб келмоқда.

Бинобарин, Туркий давлатар ташкилоти раҳбарлари  кенгашининг Ўзбекистон мезбонлик қилаётган бу галги учрашуви ҳам гўзал ва бетакрор Самарқандда муваффақиятли ўтказилди.

Қолаверса, туркий дунё давлатларининг ва халқларининг бирлашиши минтақада тинчлик, хотиржамлик, фаровонлик ҳамда геосиёсий ҳамда минтақавий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишига шак-шубҳа йўқ. Шу маънода Туркий дунёни буюк келажак кутиб турибди, десак сира муболаға қилмаган бўламиз.

Йиғилишда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия президентлари, Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси ҳамда Венгрия Бош вазири, шунингдек, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТУРКПА), Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос жамғармаси раҳбарларининг иштирок этгани анжуман нуфузини янада оширди.

Давлат раҳбарлари сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш асносида ўзаро боғлиқликни кучайтириш, туризм, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратишди. Ҳудудлар ўртасида фан ва таълим, технологиялар ва инновациялар борасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш юзасидан ҳам фикр алмашишди.

Албатта, бугун дунёда геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ортиб бораётган шароитда Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқоти бу долзарб муаммоларга ечим топишда ҳамда умумий ёндашувларни белгилаб олишда ниҳоятда муҳимдир.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ўз раислиги даврида “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ҳамда қабул қилинган Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегиясини самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган Ташкилот нуфузини янада мустаҳкамлаш, ва энг асосийси – тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқишга ҳаракат қилинади. Албатта, бу борада Ўзбекистон раҳбари Ташкилот фаолиятининг чуқур таҳлили асосида туркий мамлакатларнинг улкан салоҳияти ва имкониятларини ишга солишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, мамлакатларимизнинг ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдомизнинг атиги 4 фоизини ташкил этади. Унинг қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келмоқда. Албатта, бундай ҳолат ҳеч биримизни қониқтирмайди, - дея таъкидлади Президентимиз ва бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун Ташкилот доирасида “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини”ни барпо этиш ташаббусини илгари сурди.

Ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Ва айтиш жоизки, бу нуфузли анжуман минтақадаги давлатларни ва халқларни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ва маънавий жиҳатдан бир-бирига янада яқиншалтиради ҳам дўстлик, қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди, деб ишонаман.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    490
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+