Самарқанд – Туркий цивилизация пойтахти

11.11.2022, 16:43

Самарқанд – Туркий цивилизация пойтахти

Мамлакатимизда рўй бераётган янгиланишлар, оламшумул ўзгаришлар ҳақида эшитганимда депутат сифатида эмас, балки шу жонажон юртнинг оддий бир фуқароси сифатида ғурурланиб кетаман. Албатта, кейинги пайтда эртамизнинг дунёда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлаётгани, қолаверса, Ўзбекистон кейинги 6 йилда ички ва ташқи сиёсатда улкан  муваффақиятларга эришаётгани, қолаверса, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган сиёсатимизни минтақадаги ва дунёдаги давлатлар мамнуният билан қўллаб-қувватлаётгани қувонарлидир. Шу жиҳатдан олганда, Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг Самарқандда ўтказилаётган анжуманининг муваффақиятли ўтаётгани ҳам кишида чексиз ифтихор ҳиссини уйғотмоқда.

Мазкур нуфузли Анжуманда Самарқанд шаҳрини “Туркий цивилизация пойтахти” деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани диққатимни тортди. Тан олиш керак, ҳақиқатда Самарқанд минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштириб, дунё маданиятларини бирлаштириб келган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев анжумандаги нутқида Биз Туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланамиз, ана шундай бебаҳо меросни сақлаб қолиш, уни чуқур ўрганиб, келгуси авлодларимизга безавол етказиш барчамиз учун энг асосий вазифа эканини алоҳида таъкидлади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида барчамиз биргаликда мутлақо янги юксалиш босқичига қадам қўяётганимизни айтиб ўтди.

Энг муҳими эса анжуманда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган таклифлар давлат раҳбарлари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Хусусан, глобал ва ички бозорларимиз эҳтиёжлари, давлатларимизнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш самарали тизимини яратиш бўйича Ташкилот доирасида кўп томонлама битим қабул қилиш, соҳага инновациялар, замонавий билим ва илғор технологияларни жадал олиб кириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида кенг қамровли шерикликни ўрнатиш ва ижобий тажриба асосида, Туркий агрофорумни мунтазам ўтказиб бориш ва унинг иккинчи анжуманида “Смарт” қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ташкил этиш каби таклифлар билдирилди.

Хулоса шундан иборатки, Туркий дунё ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихга эга. Улуғ аждодлари ва маданий ҳамда маънаивй бойликлар билан дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшмоқда. Аминманки, Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг юртимиздаги учрашуви минтақада ва дунёда тинчлик ва хотиржамликни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

  Олий Мажлис Қонунчилки палатаси депутати.

  • Кўрилди
    500
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+