O’zLiDeP фракцияси ташаббуси: Давлат байроғи тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш таклифи билдирилди

18.11.2022, 16:26

O’zLiDeP фракцияси ташаббуси: Давлат байроғи тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш таклифи билдирилди

2022 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фуқароларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидан эркин фойдаланиши учун кенгроқ имкониятлар яратиш масаласи кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Давлат байроғи юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-ободлик, миллатлараро тотувлик, қут-барака, биз эришаётган бемисл ютуқлар ва келажакка бўлган мустаҳкам ишонч рамзи сифатида қалбимизга туганмас ифтихор бағишлайди. Фарзандларда байроққа — Ватанга меҳр-муҳаббат туйғулари шаклланади. Энг муҳими, бола ота-она билан байроққа бирдек меҳр қўйиб вояга етади, ота-онасига қандай садоқатли бўлса, байроққа, Ватанга ҳам шундай садоқатли бўлади.

Юртбошимиз томонидан кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳам бутун халқимиз, айниқса, ёш авлод қалбида давлатимиз рамзларига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғуси тобора мустаҳкамлаш, уларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, давлат рамзларини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ўргатишдек эзгу мақсадлар сингдирилган.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, бугун давлатимиз байроғининг қабул қилинганлигига 31 йил тўлди. 1991 йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Ушбу ҳужжатнинг 1-моддаси билан давлат байроғининг схематик ва рангли тасвири тасдиқланган. 2-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи республика давлат суверенитетининг рамзидир”, деб белгилаб қўйилган. Демак, давлат байроғини — мустақиллик, истиқлол ва озодлик, обод ва фаровон ҳаёт рамзи, шу муқаддас ватанда яшаётган ҳар бир фуқаронинг қалб рамзи деб эътироф этиш лозим.

Фракция аъзолари давлат байроғидан фойдаланишда чекловлар кўплигини таъкидлаб, ундан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни янада соддалаштириш, миллий байроғимиздан қонунга қатъий риоя қилган ҳолда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди. Давлат рамзига ҳурматсизлик қилганларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш, ундан фойдаланиш бўйича аниқ мезонлар ишлаб чиқиш, Давлат байроғини шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойларда, хонадонларимизда ҳилпираб туришига имконият яратиб бериш шулар жумласидандир.

Тадбирда фракция аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунга бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифини илгари суриб, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббусини билдирдилар.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишида кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

 Сўз — йиғилиш иштирокчиларига

 Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ, O'zLiDeP фракцияси аъзоси:

— Амалдаги қонунга назар солсак, унга ҳозиргача 5 марта, яъни 2010 йил 24 декабрда, 2017 йил 14 сентябрда, 2019 йил 18 февралда, 2019 йил 5 сентябрда, 2021 йил 21 апрелда тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган ва такомиллаштирилганлигини кўрамиз. Агар “инсон – жамият – давлат” парадигмасига асосланиб амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда очиқлик сиёсати натижасида фуқароларимиз сиёсий онгининг жадал ўсиб бораётгани, иқтисодиётда хусусий сектор улушининг ортиб бораётганини ҳисобга олсак, амалдаги қонун яна ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга муҳтож эканлигига амин бўламиз.

Илгариги қонунда давлатимиз байроғининг қаерларга доимий қўйилиши, ўрнатилиши, қонунчилик билан белгиланган байрам кунлари қаерларда, қачон кўтарилиши ва туширилиши, Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмаслиги каби нормаларнинг мавжудлиги масалага ойдинлик киритиши билан бир қаторда уларни чеклов сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Чунки фуқароларимизнинг, кенг жамоатчиликнинг, шунингдек партиямиз электорати бўлган тадбиркорларимизнинг давлатимиз рамзи, ифтихори бўлган Давлат байроғимиз ва унинг тасвиридан фойдаланиш доирасини кенгайтиришни тақозо этмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман:

– Давлатимиз байроғини нафақат давлат органлари бинолари, залларида, қолаверса мулк шаклидан қатъий назар бошқа бино-иншоотларда ҳам ўрнатилишига;

– фуқароларимизга умуммиллий байрамлар, тантанали маросимлар, оилавий тадбирларда ҳам фойдаланишларига;

– устки кийим-бош ишлаб чиқарувчи тадбиркорларимизга эса Давлат байроғи тасвиридан фойдаланишга белгиланган тартибларда рухсат берилишини қонунда мустаҳкамланиши тарафдориман.

Амалдаги қонунга бундай ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритилиши марказий кўчаларда, майдонларда, бошқа жамоат жойларида ва объектларда нафақат байрам кунлари, балки кундалик ҳаётимизда ҳам давлатимиз байроғини кўриш, ундан фахрланиш имкониятларини кенгайтиради.

Ақшагул ТУЛЕГЕНОВА, O'zLiDeP фракцияси аъзоси:

— Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсол ҳисобланади. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр-ифтихор бағишлайди.

Байроғимиз нафақат давлат рамзи, шу билан бирга бой маънавиятимиз, маданиятимиз рамзи ҳам. Бугун миллий байроғимиз давлат идораларида, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда.

Мен ҳам фракциямиз илгари сурган ташаббус — Давлат байроғидан фойдаланишдаги чекловларни олиб ташлашни тўлиқ қуллаб-қувватлайман. Сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсоли бўлмиш байроғимиз тўғрисидаги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни зарур, деб хисоблайман.

 

  • Кўрилди
    689
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+