Ишчи гуруҳ: Ўзбекистон темир йўл транспортида трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?

18.11.2022, 17:55

Ишчи гуруҳ: Ўзбекистон темир йўл транспортида трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид дават дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Маълумки бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар қаторида транспорт корхоналарини ҳам трансформация қилиниши режалаштирилган. Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси асосида қабул қилинган 2022 йил Давлат дастурнинг 73.4 банди - “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда трансформация жараёнларини жадаллаштириш, бунда, соҳада хусусий юк ташиш операторлари фаолиятини йўлга қўйиш, асосий фаолият билан боғлиқ бўлмаган активларни мақбуллаштириш, юк ташиш харажатларини камайтириш, янги сервис таклифларини жорий этиш вазифаси белгиланган.

Давра суҳбати давомида дастурнинг ушбу банди ижроси юзасидан Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ масъул раҳбарлари ахборотлари тингланди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғига мувофиқ ҳозирда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга темир йўл транспорти хизматлари бозорига хусусий секторни жалб қилиш орқали соҳада рақобатни ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ва операцион самарадорликни ошириш вазифаси юклатилган.

Ушбу мақсадларга эришиш йўлида “DB Engineering Consulting & GmbH”, “Boston Consulting Group” каби халқаро консультантлар билан катта ҳажмдаги ишлар олиб борилди. Бундан ташқари, бугунги кунда Жаҳон банки Гуруҳи консультантлари жалб қилиниб, улар томонидан Ўзбекистон темир йўл транспорти секторини ислоҳ қилиш стретегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу олиб борилган ишлар давомида темир йўл хизматларини ривожлантириш ва хусусий секторни жалб қилиш бўйича асосий таклифлар шакллантирилди.

Ҳозирда темир йўл транспортида ўз вагон паркига эга юк ташиш учун вагонларни тақдим этиш хизматларини кўрсатувчи хусусий операторлар мавжуд. Бироқ, ўрганишлар натижасида хусусий операторларнинг темир йўл транспорти хизматлари бозорида улушини оширишга тўсқинлик қилаётган бир неча омиллар мавжудлиги аниқланди. Бу масала борасида жалб қилинган консультантлар томонидан Транспорт вазирлиги ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг тегишли норматив-ҳуқуқий базаси ўрганилди ва алоҳида норматив ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрланди.

Булардан бири Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонунидир. Ушу қонунга ўзгартиришлар киритилиши транспорт хизматлари бозорига хусусий операторларни янада кенг жалб қилиш учун қўшимча шароит ва қулайликлар яратади.

Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини трансформация қилиш борасида “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси томонидан молиявий ҳисоботларни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ аудитдан ўтказиш, харидлар фаолиятини аудит қилиш учун “Катта тўртлик”ка кирувчи халқаро аудиторлик ташкилотлари жалб қилинди. Бу эса консультантлар учун компания фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилишига имкон яратди.

Қолаверса, компаниянинг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган носоҳавий активларни чиқариш бўйича ишлар давом этмоқда. Бугунги кунга қадар жами 49 та носоҳавий активлар компания таркибидан чиқарилиб, яна 13 таси ихтисослаштирилган вазирлик ва идораларга ўтказилиши режалаштирилган.

“Россия темир йўллари” ОАЖ ва “Трансмашхолдинг” АЖдан компаниянинг эксплуатацион фаолиятинининг операцион самарадорлигини ошириш, юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш бўйича амалий тавсиялар олиниб, амалиётга жорий этилиши ортидан дастлабки самарадорлик кўрсаткичларига эришилди.

Шунингдек, операцион самарадорликни ошириш ва хизматларнинг оммабоплиги таъминлаш мақсадида рақамли дастурлар ишлаб чиқилди ва жорий қилинди, булардан бири – “Ягона дарча” тамойили асосида юк эгаларига юк ташиш хизматларини электрон тарзда тақдим этишга қаратилган автоматлаштирилган ахборот тизимидир.

Йўловчи ташиш хизматлари сифатини ошириш борасида йўловчи вагонлари парки 1 300 дан ортиқ вагонлар модернизация қилиниши ҳисобига янгиланиши режалаштирилган. Бундан ташқари, шаҳар атрофи йўналишларида йўловчилар қатновини ривожлантириш, темир йўл транспортининг оммабоплигини таъминлаш, янги 8 та йўналишларда вилоятлараро йўловчи ташиш қатновларини очиш мақсадида замонавий 34 та электро ва 6 та дизельпоездларни харид қилиш бўйича тендер эълон қилинди.

Яқин кунларда мамлакатимиз раҳбарияти ҳузурида ўтказилган йиғилишлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда темир йўл транспортида трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Тадбирда якунида томонлар келгусида ушбу дастур ижроси юзасидан ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга ҳамда жамоатчилик ва парламент назорати остида олиб боришга келишиб олди.

  • Кўрилди
    374
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+