Ислоҳотлар бардавомлиги учун масъулмиз

24.11.2022, 17:06

Ислоҳотлар бардавомлиги учун  масъулмиз

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари ходимлари, депутатлар ва партия фаоллари иштирок этган анжуманда жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида вилоятда амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят кенгаши раиси Шуҳрат Асланов маъруза қилди. 

- Партиямиз сайловолди дастури 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига ҳар жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳангдир, -дейди Шуҳрат Асланов. - Унинг ҳар  бир бандида “Инсон қадри учун”, “инсон-жамият-давлат” деган муҳим тамойил ва ғоялар акс этганини алоҳида таъкидламоқчиман. Давлат дастури ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини олиб бориш учун ҳар бир йўналиш кесимида вилоятда 21 та ишчи гуруҳлар тузилганди. Улар томонидан режа асосида 190 дан ортиқ давра суҳбатлари, эшитувлар, амалий семинарлар ўтказилди.

 Йил бошидан вилоят бўйича маслакдошларимиз сафи 2 минг 918 нафарга кенгайди. Бошланғич партия ташкилотларимиз сони 31 тага кўпайиб, 1115 тага етди. Бу борада Чироқчи, Косон туманлари фаоллик кўрсатган ҳолда, Яккабоғ, Шаҳрисабз шаҳар, Деҳқонобод ва Кўкдала туманлари қуйи бўғин очишда сусткашликка йўл қўйишди. Ўтган 10 ойда Миришкор ва Қамаши туманларида партиянинг бирорта ҳам қуйи бўғини очилмаганини қандай баҳолаш мумкин? 

Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 20 нафар, туман, шаҳар Кенгашларида 146 нафар депутатлар фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш юзасидан тегишли ташкилот ва идораларга жами 1245 та депутатлик сўрови йўлланган.  204 та ахборот ва ҳисоботлари эшитуви ташкил этилди. Косон, Китоб, Шаҳрисабз, Қарши туманлари депутатлик гуруҳлари фаол ишлашди. Туман Кенгашлари сессияларига жами 50 та масала киритилиб, 30 тасининг ечими бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган.

Партиянинг мурожаатлар билан ишлаш, ёшлар ва аёллар йўналишида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганлиги эътироф этилди.

Яқин истиқболда бирламчи эътибор беришимиз лозим бўлган яна бир вазифа халқимизни ўйлантираётган масалаларнинг жойларда ҳал қилиниши, қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорларнинг ижроси устидан қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишдан иборатдир.

Маҳаллаларда, корхоналарда, тадбиркорлик субъектларида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилотлари  фаолиятини ҳам ғоявий, ҳам ташкилий жиҳатдан кучайтириб бориш ҳамда шу орқали уларнинг партия тарғиботчиси, ислоҳотларимиз тарғиботчиси сифатидаги ролини ошириб бориш кейинги даврда партиямиз олдидаги устуворликлардан бири бўлиб қолади.

 Йиғилиш сўнгида партиянинг дастурий мақсадларини тарғиб қилишда ўрнак кўрсатган бир гуруҳ депутатлар ва партия фаолларига O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгашининг “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    452
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+