Озарбайжондаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлайдиган энг йирик компания билан учрашув ўтказилди
24.11.2022, 18:09

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 20-22 ноябрь кунлари Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб, бир қатор учрашувлар ўтказди.
Учрашувлар доирасида O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов “Азерсун Ҳолдинг” компаниялар гуруҳи Бош директори, Озарбайжон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари Ассоциацияси раисининг ўринбосари Муҳаммад Гўзал билан мулоқот ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги элчихонаси биринчи котиби Баҳром Гаипов иштирок этди.
Учрашув аввалида Муҳаммад Гўзал “Азерсун Ҳолдинг” компаниялар гуруҳи тўғрисида тўхталди. Мазкур холдинг Озарбайжондаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлайдиган энг йирик ширкат ҳисобланади. Холдингнинг 20 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари, 35 гектар иссиқхоналари, 4 та чорвачилик фермаси, комбикорм, сут, шакар, музлатилган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган ширкатлари мавжуд. 2021 йилдан бошлаб пахта етиштиришни бошлаган. Ўтган йили 1 гектардан 30 центер пахта ҳосили олишга эришган. Компания 5000 га яқин фермер билан кооперация алоқаларини йўлга қўйган.
Компания Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан фермерларга берилган имтиёз ва субсидиялардан кенг фойдаланиб келмоқда ҳамда ҳар йили 2-3 тадан янги лойиҳаларни амалга оширади.
Компания етакчиси Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожланишини ижобий баҳолади ҳамда яқин келажакда Ўзбекистонга бориши ва қишлоқ хўжалиги йўналиши билан танишиш нияти борлигини билдирди. У Ўзбекистондан ҳар йили 300-400 тонна қизил ширин қалампир, майиз ҳамда бошқа қуритилган меваларни катта миқдорда, шунингдек, ерда етиштирилган колибровкаси 5 см.гача бўлган бодрингни импорт қилишга қизиқишини билдирди.
Бундан ташқари минерал ўғитлар, жумладан, азот ўғитидан ташқари фосфорли, калийли, олтингугуртли ўғитларни импорт қилиш нияти борлигини айтиб ўтди.
Мулоқот жараёнида А.Хаитов Ўзбекистон корхоналари билан ҳамкорликда ишлаш имкониятлари ҳақида тўхталди. Ўзбекистонда корхона очиб, маҳсулотларни жойида қайта ишлаш ниятида бўлса, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди. Улар билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.
Ўхшаш янгиликлар
-
Тадбиркорларни ноқонуний текширишларига йўл қўйиб бўлмайди
28.11.2023, 16:56
-
Хотин-қизларимиз меҳнат қилиши учун муносиб шароитлар яратиб берилмоқда
28.11.2023, 15:45
-
Ҳосилга яроқсиз ерларни қайта фойдаланишга киритиш бўйича қиланаётган ишлар ўрганилмоқда
28.11.2023, 15:43
-
Партия “Аёллар қаноти” вакиллари оилавий тадбиркорлигини бошлаган тадбиркор хонадонида бўлди
27.11.2023, 18:04
-
Оҳангарон туманида O’zLiDeP Аёллар қаноти боғи барпо этилди
27.11.2023, 18:00
Фикрингизни қолдиринг