“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида депутатлар фаоллик кўрсатмоқда

25.11.2022, 16:48

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида депутатлар фаоллик кўрсатмоқда

Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида Қарши шаҳар кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Депутатлар ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари даражасини кенгайтириш, Қаршини “яшил шаҳар”лардан бирига айлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган ишларда фаол иштирок этишаётир. 

- Бир пайтлар шаҳримиз ҳуснига-ҳусн қўшиб, чор атроф мусаффолигини таъминлаб турган минг йиллик чинорлар бор эди, -  дейди Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгашидаги аграр, сув хўжалиги ва экалогия масалалари бўйича доимий комиссия раиси Арзиқул Шеров. - Шаҳарни қайта реконструкциялаш ва қуриш ишлари амалга оширилаётган чоғда барчаси кесиб ташланди. Улар ўрнини тўлдириш учун  жорий йил  20 октябрдан 1 декабрга қадар ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” давомида уч юз қирқ минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазишни режалаштирганмиз. Ҳозирга қадар 300 минг туп ниҳоллар замин бағрига қадалди. Бу хайрли ишда шаҳримиздаги корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ҳамда шаҳар аҳолиси фаол иштирок этишаяпти. Бўлиб ўтган ҳашар давомида Хонобод кўчасига икки минг тупдан ортиқ чинор дарахтлари экилди. 

Депутатлар шаҳар маҳаллари, корхона ва ташкилотларда бўлиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг долзарблиги ҳақида тарғибот ишларини олиб боришаяпти. Дарахт кўчатлари шаҳар иқлими ва ер майдонининг хусусиятларини ўрганиш бўйича ўтказилган илмий тадқиқотлар асосида танлаб олинаётганлиги яхши самара бераётир. Эндиликда фақатгина кўчат экиш эмас, балки ерга қадалган дарахтларни суғориш, озиқлантириш, парваришлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланаяпти. Кам таъминланган оилаларнинг хонадонларига бепул кўчатлар етказиб берилаётир. 

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    512
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+