O‘zLiDeP конституциявий ислоҳотларга халқимиз, партиямиз электорати талаб-истагидан келиб чиққан ҳолда ёндашяпти

29.11.2022, 12:52

O‘zLiDeP конституциявий ислоҳотларга халқимиз, партиямиз электорати талаб-истагидан келиб чиққан ҳолда ёндашяпти

Мамлакатимизда халқимиз келажаги, айтиш мумкинки, тақдирига дахлдор муҳим жараён кечяпти – Конституциямизни такомиллаштиришга қаратилган ишлар давом этяпти. Мазкур саъй-ҳаракатлар “Инсон қадри учун”, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу, устувор ғоялар асосида олиб борилаётгани алоҳида эътиборга молик.

Конституциямизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотлар ўзанига мослаштириш мамлакатимиздаги ўрта синфнинг асосини ташкил қилувчи сиёсий куч – O’zLiDeP электорати манфаатларига тўла мос. Бу борада олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиздан кўзланган мақсад – Бош қомусимизни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшишдир.

Маълумки, конституциявий ислоҳотларни бошлаш ташаббуси O'zLiDeP ва “Миллий Тикланиш” демократик партияси томонидан илгари сурилган эди. Партиямиз томонидан конституциявий қонун лойиҳаси тайёрланишидан аввал  ташкил этилган тарғибот тадбирлари давомида 8 мингдан ортиқ таклиф билдирилган бўлиб, улардан 2 минг 719 таси Консуциявий комиссияга тақдим этилди.

Конституциямизга киритилиши мўлжалланаётган айрим ўзгартиришларнинг мазмун-моҳиятига қисқача тўхталиш жоиз. Янгиланаётган конституция лойиҳасининг 36-моддасида “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли”лиги, шунингдек, 53-моддада қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши, ўз фаолиятининг йўналишини мустақил равишда танлаши, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши ҳамда монополистик фаолият қонун билан тартибга солиниши ва чекланиши белгиланди. Бу нормаларнинг Конституцияга киритилиши тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Партиямиз тадбиркорликни жадал ва кенг миқёсда ривожлантиришни, қанчалик мураккаб бўлмасин, жуда зарур ва  ўта муҳим вазифа, деб ҳисоблайди. Чунки  мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришдан бутун жамиятимиз манфаатдор. Тадбиркорликнинг кенг қулоч ёзиши бутун халқимиз фаровонлигини ошириш учун зарур шарт-шароит яратади. Зеро, бугун Ўзбекистонда жамиятнинг янги ижтимоий қатлами – мулкдорлар синфи вужудга келди. Бинобарин, қонун лойиҳасини Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси, жумладан, мамлакатда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар йўналишлари билан ҳамоҳанглигини таъминлаш нуқтаи назаридан  ҳам такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Хусусан, хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлатнинг тартибга солувчи ролини кучайтириш эҳтиёжи ҳам қонун лойиҳаси қайта ишланишини тақозо қиляпти.

Мушоҳада қилиб кўрайлик, бугунги кунда Ўзбекистонда 1,5 миллионга яқин тадбиркор фаолият юритяпти. Ишбилармонлар тасарруфидаги корхоналарда эса 5 миллиондан зиёд киши меҳнат қиляпти. Яъни, хусусий сектор манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ғоят муҳим, жамият ва давлат барқарорлиги,  тараққиётига дахлдор долзарб масала бўлиб қолаётир.  Иқтисодиётда давлатнинг тартибга солувчи роли такомиллаштирилиши  монополияга чек қўйиш, соғлом рақобатни ривожлантириш ва бошқа кўплаб ижобий ўзгаришларга туртки беради.

Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар катта ишнинг бошланиши. Уларни ҳаётга татбиқ этиш давлат бошқаруви органлари зиммасига жуда катта вазифаларни юклайди. Бу эса, ўз навбатида, Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришни талаб этади. Шу боис O'zLiDeP ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси бу борадаги ишларни тўғри йўлга қўйиш муҳим. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларини аниқлаштириш, уларни оптималлаштириш, парламент ва ҳукумат, шунингдек, бошқа органларнинг ўзаро муносабатини аниқлаштириш бўйича лойиҳа устида янада мукаммалроқ ишлашимиз лозим.

Биз мазкур ислоҳотларнинг натижасига биринчи галда халқимиз ва асосий электоратимиз – тадбиркор ва фермерларнинг талаб-истагидан келиб чиқиб ёндашяпмиз. Электоратимиз, аввало, Конституциямизда давлат бошқаруви ва унинг маҳаллий органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувидан ҳимоя қилиши, мамлакатимиз ички бозорларида реал рақобат муҳити кучайиши тарафдори. Бу эса мамлакатимиз аҳолиси барча қатламлари манфаатлари ва орзу-истакларига  ҳамоҳангдир.  Янгиланаётган конституция халқчил бўлишининг, ислоҳ қилинган Асосий қонунни ҳар бир фуқаро “бу – менинг Конституциям” деб қабул қилишининг бирламчи шарти ҳам шу.

Актам ХАИТОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери

ўринбосари – O‘zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    390
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+