Депутат сайловчиларнинг муаммоларини ўз назоратига олди

30.11.2022, 15:25

Депутат сайловчиларнинг муаммоларини ўз назоратига олди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларидаги маҳаллалар, корхона ва таълим муассасаларида бўлиб, фуқаролар, ишчи-хизматчилар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда, уларни ўйлантираётган масалалар ҳамда мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этишга эътибор қаратилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Ибрагимова Бувайда туманидаги Тиббиёт техникумида ўқитувчилар ва ўқувчи ёшлар билан очиқ мулоқот қилди.

Мулоқот давомида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва ушбу соҳани янада ислоҳ қилишга қаратилган қатор қарор ва фармонларнинг қабул қилиниши, шифокорлар учун яратилаётган шарт-шароитлар хусусида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига киритилган ўзгаришлар хусусида ҳам маълумот берилди. Хусусан, иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шартлиги белгиланмоқда. Бундан ташқари, ишга қабул қилиш босқичлари, жумладан, ишга кириш тартиблари белгиланмоқда, даъвогарлар орасидан малакалироқ ишчиларни танлашда иш берувчининг имкониятлари кенгайтирилмоқда, “қайта ишга жойлаштириш” масаласи ҳал этилмоқда. Айрим тоифадаги ходимлар учун синов муддати 3 ойдан 6 ойгача узайтирилган. Ходимларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш харажатларини компенсация қилиниши назарда тутилмоқда.

Депутат мулоқотда шу каби янгиликларга тўхталар экан, мазкур даргоҳнинг ўқитувчи ва ёшларнинг ҳам фикр-мулоҳазаларини, таклифларини тинглади.

Тадбирдан сўнг “яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида техникум ҳовлисига турли манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазишди.

Депутат Мавлуда Ибрагимова Бувайда туманидаги Бегобод қишлоғи  нуронийлари, хотин-қизлар билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида аёлларнинг муаммо ва таклифлари, мурожаатлари тингланди. Фуқаролар томонидан турли масалаларга оид келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилган бўлса, ечими вақт талаб этадиган масалалар назоратга олинди.

Депутат аҳоли билан учрашувлари давомида Бувайда туманидаги мактаблар ҳолатини ўрганди. Халқ вакили тумандаги 40-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, мактабнинг умумий аҳволи, иситиш тизими бўйича ўрганишлар олиб борди. Сўнгра мактабнинг кўмир захира омборини кўздан кечирди. Мактаб раҳбариятига иситиш бўйича ўз тавсияларини берди. Ўрганишлар давомида мазкур мактаб анча йилдан буён таъмирталаб ҳолатда эканлиги, уни қайта капитал таъмирлаш лозимлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан депутатлик сўрови тегишли ташкилотга жўнатилди.

  • Кўрилди
    331
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+