Мубораклик газчилар билан мулоқот қилинди

02.12.2022, 18:30

Мубораклик газчилар билан мулоқот қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,  O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов воҳанинг йирик саноат гигантларидан бири бўлган Муборак газни қайта ишлаш заводида бўлди. Завод директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шермат Шамсиев партия раҳбарига меҳнат жамоаси амалга ошираётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. 

Корхонада   бир кеча-кундузда   48 706 минг м3 табиий газ, 840 тонна суюлтирилган газ, 226 тонна газ конденсати, 686 тонна олтингугурт маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Айни пайтда 3100 нафар ишловчиларнинг бандлиги  таъминланган. Яқин йилларда сиқув компрессорлар станцияси газ ҳайдаш агрегатларидан чиқаётган ёнган газларидан ажралган иссиқлик энергияси ҳисобига электр энергия ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Саноат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик техникаси ва атроф-муҳит хавфсизлиги масалаларига катта эътибор берилади. Заводда халқаро стандартлар ISO 45001 хавфсизлик техникаси ва меҳнат муҳофазаси менежменти тизими, ISO 14001 экологик менеджмент тизими, ISO 50001 энергия менежменти, ISO 9001:2015 ҳалқаро стандарти тизимлари жорий қилинган. Ички ва ташқи бозорга экспорт қилиш учун юқори сифатли ҳамда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва техник янгилашга асосий эътибор қаратилаётир.

  - Янги йил арафасида ишга тушириладиган марказимизда воҳамиздаги нефть ва газ саноати корхоналарида фаолият юритаётган ёш, истиқболли кадрларни малакаси ошириш режалаштирилмоқда, - дейди UNG “Muborak GQIZ” Intellektual yoshlar markazi бошлиғи, O’zLiDeP туман кенгаши депутати Актам Тўраев. - Ундан ёшларимиз ва тизим ходимларининг соҳага оид билимларини мунтазам равишда ошириб боришлари учун техник китоблар ва бадиий адабиётлар жумладан, электрон ва QR кодли адабиётлар билан бойитилган замонавий кутубхона ўрин олган.  Уларга хорижий нефт ва газ корхоналари билан онлайн тажриба алмашишлари учун барча имкониятлар  яратилади. Корхона ёшларини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокини таъминлашда кўмаклашиш ва маънавий-маърифий ишларни изчил давом эттириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Музейимиздан завод макети ва заводнинг кечаги ва бугунги кунини акс эттирувчи экспонатлар ўрин олган. 300 ўринли фаоллар зали ишловчилар хизматида. Эришилаётган ютуқларга минг нафар маслакдошларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар.   

- Заводдан чиқаётган заҳарли сувларни зарарсизлантириш борасидаги ишларни янада кучайтириш керак, - деди Актам Хаитов. - Бунинг учун замонавий технологияларни жорий этиш мақсадга мувофиқдир. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида завод ҳудудида 4000 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилганлиги яхши. Аммо корхона атрофидаги кенгликларга ҳам мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилса, табиат мусаффолигини таъминлашда яқиндан ёрдам берган бўларди.  Бунинг учун малакали мутахассислар, олимларни жалб этиб, чўл ҳудудидаги иқлимга мос, сувсизлик ва гармселга чидамли дарахт кўчатларини топиш керак.  Саксовулзорларни ҳам кўпайтириш бугуннинг энг долзарб вазифаси бўлиб турибди.

Спикер ўринбосари завод ишловчилари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Улар билан мулоқот чоғида қонунчиликдаги янгиликлар, хусусан, яқинда қабул қилинган янги Меҳнат кодекси ҳамда конституциявий ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

  • Кўрилди
    752
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+