Жорий қиш мавсуми учун қанча озиқ-овқат маҳсулотлари заҳира қилинганлиги маълум қилинди

14.12.2022, 16:35

Жорий қиш мавсуми учун қанча озиқ-овқат маҳсулотлари заҳира қилинганлиги маълум қилинди

Қиш ойларида бориш қийин бўлган 250 дан ортиқ аҳоли масканларида муҳим аҳамиятли озиқ-овқат маҳсулотлари етарли миқдорда заҳира қилинган.

Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов Қонунчилик палатасининг навбатдаги “Ҳукумат соати”да айтди.

Мазкур "Ҳукумат соати"даги эшитув Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси ташаббуси билан ташкил этилди.

Вазир А. Воитов депутатларга “Қиш мавсумида аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва соҳада қулай агробизнес муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида” ахборот берди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, жорий йилда мамлакатимизда жами 23,5 млн. тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилди. Шундан, 11,6 млн. тонна сабзавот, 2,5 млн. тонна полиз, 3,5 млн. тонна картошка, 3,0 млн. тонна мева, 1,9 млн. тонна узум, 535,2 минг тонна дуккакли, 515,5 минг тонна шоли ҳамда 7,2 млн. тонна ғалла етиштирилди.

Бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлар ва олис чўл зоналарига бугунги кунгача ун 12,4 минг тонна, ўсимлик ёғи 1 622 тонна, шакар 1 828 тонна, гуруч 1 692 тонна, картошка 7,9 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ҳукуматнинг масъул идоралари, хусусан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ҳокимликлар томонидан қиш мавсумида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари заҳираси бўйича зарур тайёргарлик кўрилганини маълум қилди.

Жумладан, жорий қиш мавсуми учун 600 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари заҳира қилинган, бу прогноз қилинганидан бирмунча кўпроқ.

"Ҳукумат соати"да депутатларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Актам Хаитов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси раҳбари.

  • Кўрилди
    535
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+