Аҳоли бандлигини таъминлашнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди

16.12.2022, 16:17

Аҳоли бандлигини таъминлашнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди

Одамларни, айниқса ишсиз ёшларни, аёлларни иш билан таъминлаш, меҳнат қилиш орқали даромад олишига шароит яратиш давлатимиз раҳбарининг "Инсон қадри учун" амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Шу йилнинг 15 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида асосан шу масалалар муҳокама қилинди. Унда айтилганидек, йил бошидан тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда 2 миллион аҳолининг доимий бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, 4 миллиондан зиёд аҳоли мавсумий меҳнат орқали даромадли бўлди. Оилаларга деҳқончилик учун тарқатилган 100 минг гектар ерларда, 1 миллион 200 минг аҳоли доимий ва мавсумий банд бўлди.

Ҳудудларда корхоналар 85 мингтага кўпайиб, уларнинг сони 550 мингтага етди. Бунинг ҳисобига 2022 йилда даромад солиғи тўлаётган расмий банд бўлганлар сони 400 мингтага ошди.

Давлатимиз раҳбари ушбу қилинган ижобий ишлар билан бир қаторда ҳали кўп қилиниши лозим бўлган қатор устувор вазифаларни белгилаб берди.

Хўш, аҳоли бандлигини таъминлашнинг энг муҳим йўналишлари нимадан иборат.

Биринчи йўналиш – келаси йили пахта ва ғалладан бўшаган 100 минг гектар ерни қўлидан иш келадиган, деҳқончиликни биладиган одамларга бериш, камида 600 минг аҳолини доимий ва 900 минг аҳолини мавсумий даромад олиши таъминланади.

8 триллион сўмлик 600 дан зиёд сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун саноатда иш ўринлари яратилади.

Эндиликда етиштирилган пилла аҳолидан жаҳон биржаларидан кам бўлмаган нархда харид қилинади. Бу камида 500 минг аҳолини банд қилиб, уларнинг даромадини 2-3 баравар ошириш имконини беради.

Иккинчи йўналиш доирасида ишсизлик оғир бўлган 1 мингта маҳалла учун 300 та микро-марказ ташкил этиб, уларга тадбиркорлик учун имконият яратиб берилади.  Туман ва шаҳарларнинг 255 та марказий кўчаси ҳамда 274 та маҳалладаги савдо-хизмат кўчалари тўлиқ ишга тушиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари 1 апрелга қадар 60 мингта кўчма савдо шохобчалари учун ерларни аукционга чиқариш топширилди. Бу орқали келаси йили камида 200 минг аҳоли учун даромадли иш ўрни яратиш шартлиги айтилди.

Учинчи йўналиш – 8 миллиард долларлик 300 та йирик лойиҳани ишга тушириш ҳисобига, юқори даромадли иш ўринлари яратиш, саноат зоналарида 16 триллион сўмлик 1 минг 300 та лойиҳани ишга тушириш муҳимдир.

Бу борада Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги инвестиция лойиҳалари ва маҳаллий саноатда жами 320 мингта доимий иш ўрни яратишга масъул бўлиши таъкидланди.

Тўртинчи йўналиш – Янги Ўзбекистон массивлари, ипотека дастури доирасида ва хусусий сектор билан келаси йили 90 мингта хонадонли уй-жойлар қуриш шартлиги қайд этди.

Унга кўра келаси йили ҳар бир вилоят ҳокими 5-10 минг хонадонли уй-жой қуриш режасини қилиб, бунинг учун бир ой муддатда ер участкаларини аукционга чиқариши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга бир ой муддатда қурилиш соҳасида 6 ойгача ишга қабул қилиш бўйича соддалашган меҳнат шартномаларини ишлаб чиқиб, келгуси йилда норасмий сектордаги 100 минг аҳолини қонуний фаолиятга ўтказиш вазифаси қўйилди.

Ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир маҳаллада қурилиш бригадалари тузиб, 50 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш борасида аниқ топшириқ берилди. Бунда, уларга меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратиб бериладиган бўлди.

Умуман олганда, мамлакатимизда саноат тармоқларидан тортиб қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, кичик бизнес субъектлари, қурилиш соҳаларига имтиёзлар бериш ва шу орқали аҳолининг бандлигини таъминлашга эришиш бош мақсад қилиб олинмоқда. Бу эса халқимизнинг бугунги ислоҳотларга бўлган ишончини янада ортишига, энг муҳими "Инсон қадри учун" амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси раҳбари.

  • Кўрилди
    1636
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+