O‘zLiDeP Президент Мурожаатномасидан келиб чиқувчи асосий устувор вазифаларни белгилаб олди

21.12.2022, 14:51

O‘zLiDeP Президент Мурожаатномасидан келиб чиқувчи асосий устувор вазифаларни белгилаб олди

Жорий йилнинг 21 декабрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқувчи партия ва фракция олдидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишни парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов кириш сўзи билан очар экан, Мурожаатномада эришилган натижалар, келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритилиб, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, суд тизимидаги масалалар очиқ-ойдин баён қилингани, бу борада қилиниши лозим бўлган устувор йўналишлар белгилаб берилганини қайд этди.

Мажлисда мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилгани O‘zLiDeP зиммасига улкан масъулият юклаши таъкидланди. Бу борада партия таълим сифатини ошириш, ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқаришга катта эътибор қаратади.

Тадбир иштирокчилари Мурожаатномада барча соҳалар қатори партиямизнинг энг муҳим йўналишларидан бири саналган иқтисодий ислоҳотлар қатъий давом эттирилиб, хусусий сектор янада қўллаб-қувватланишини алоҳида эътироф этдилар. Эндиликда, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади.

Шунингдек, келгуси йилдан туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб 5 та тоифага ажратилади. Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади. Бу эса ҳудудлар иқтисодиётининг барақарор ривожланишига, иқтисодий потенциални оширишга, аҳолининг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм маблағ қолади, илғор тажрибалар асосида солиқ ва божхона маъмурчилиги ислоҳ қилинади. Бу каби имкониятлар юртимизда партиямиз электорати бўлган тадбиркорларнинг сони ошишига, уларнинг имкониятларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Пировардда аҳолининг фаровонлиги ошади, макроиқтисодий барқарорлик таъминланади.

Шу боисдан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг парламентдаги фракцияси тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлайди, ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашда бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.

Мажлисда давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида бошқа соҳалар борасида ҳам қатор вазифалар белгилаб берилгани, уларнинг амалга оширишда кучли парламент ва депутатлик назоратини йўлга қўйиш муҳимлиги борасида тўхталиб ўтилди.

Қўшма йиғилишда партиянинг барча ҳудудий ташкилотлар, қуйи бўғин аъзолари ва жамоатчилик ўртасида Президентимизнинг тарихий Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини оддий, содда тилда тушунтириш,  тарғибот тадбирларида O‘zLiDeP фракцияси ҳамда депутатлик гуруҳлари аъзоларининг иштирокини таъминлаш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, O‘zLiDePнинг келгуси йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш борасида вазифалар белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    575
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+