Туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилади

23.12.2022, 16:38

Туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилади

Тараққий этган давлатларга назар солсак, ҳар бирининг ривожланиши замирида асосий омил сифатида тадбиркорлик субъектлари ётади. Мамлакатимизда Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ривожланиш стратегиясида ҳам тадбиркорлар асосий драйвер бўлиб хизмат қилмоқда.

Хўш, нима учун ҳар галгидек, навбатдаги Мурожаатномада ҳам тадбиркорларга қатор имкониятлар, имтиёзлар ва шароитлар яратиш борасида алоҳида эътибор қаратилмоқда?

Биз бозор муносабатларига ўтишни ихтиёр қилган эканмиз ва мақсадимиз ислоҳотлар пировардида халқни фаровон турмуш тарзини таъминлаш экан, тадбиркорлик фаолиятини эркинлиги давлат томонидан кафолатланиши ва қўллаб-қувватланиши ягона йўлдир.

Бунинг сабаби, биринчидан, улар томонидан яратилаётган иш ўринлари ижтимоий масалаларни ҳал қилади. Иккинчидан, тадбиркорлар тўлаётган солиқлар бюджетни шакллантириб, маблағлар эвазига инфратузилмани ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари молиялаштирилади. Бу эса, мамлакатимизнинг ривожланиши, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошишининг муҳим омили ҳисобланади.

Учинчидан, ҳозирги шиддат билан ривожланаётган иқтисодий ва мураккаб геосиёсий вазиятда кичик бизнес субъектларининг мослашувчанлик қобилияти юксак бўлиб, қийинчиликларсиз ўз фаолиятини диверсификация қилиш хусусиятига эга. Натижада жаҳон иқтисодиётида юзага келиши мумкин бўлган мураккаб шароитдан ҳам кичик талофат билан чиқиб кетиши мумкин.

Шу боис, давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк давриданоқ тадбиркорларга катта эътибор қаратиб келяпти. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида кичик, ўрта ва хусусий тадбиркорлик вакилларини қийнаб келаётган муаммоларни очиқ ўртага ташлади. Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўплаб ташаббуслар илгари сурилди.

Жумладан, бундан кейин тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар ҳудудларнинг тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун, солиқ ставкаларининг ҳам ҳар хил бўлиши соҳа ходимлари фаолиятининг талаб даражасида бўлишига самарали таъсир кўрсатади.

Давлат раҳбарига фикрича  республикамиздаги 20 та энг оғир шароитли туман учун айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкалар 1 фоиз миқдорида белгиланади. Мазкур туманлардаги тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлайди. Якка тадбиркорлар қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилади.

Худди шундай, бошқа тоифадаги туманларда кредитларга пасайтирилган фоиз ставкаларини қўллаш, инфратузилма ҳаражатларини давлат томонидан қоплаб бериш каби бир қатор енгилликлар берилади.

Бухоро вилоятидаги Қоровулбозор, Ромитан ҳамда Когон туманлари 2 тоифадаги, Қоракўл, Бухоро, Ғиждувон туманлари 3 – тоифадаги, Олот тумани эса4-тоифадаги туманлар сирасига киритилган.

Бу ўз навбатида шу туманлардаги аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ хўжалигининг барча тармоқларини тараққий эттириш, бир сўз билан айтганда инсонга эътибор ва сифатли таълим жараёнини ҳам тўғри йўлга қўйиш имконини беради.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар оддий тадбиркорнинг муаммосига ечим бўлиш билан биргаликда тизимли муаммоларнинг ҳам ечимидир. Бунда ҳар бир йўналиш бир-бири билан боғлиқ бўлиб, ўзаро тўлдириб туради. Айниқса, туман ва шаҳарларнинг шароитидан келиб чиқиб бизнес учун алоҳида ёндашувлар жорий этилиши муҳим янгилик ҳисобланиб, жойлардаги тадбиркорлик субъектларини ривожланиши ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалишига олиб келади.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг бу йилги Мурожаатномаси тадбиркорларга ҳам кўтаринки кайфият, рағбат ва уларнинг ўзларига бўлган ишончни ортиши билан биргаликда ватанимиз тараққиёти ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини ошиши учун муҳим туртки бўлди.

Фармон Аминов, 

O'zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши раиси,

вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    678
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+