Тинчлик ва осойишталигимиз бебаҳо бойлик

26.12.2022, 18:01

Тинчлик ва осойишталигимиз бебаҳо бойлик

Нотинчлик бўлган ердан барака қочади, дейди доно халқимиз. Ваҳоланки, бу гап хоҳ оилада, хоҳ бирор бир жамоада, хоҳ мамлакатда бўлсин амал қилади. Ҳа, тинчлик ҳукмрон ердагина ўсиш, ривожланиш, фаровон ҳаёт бўлади. Шукрки, биз яшаётган юртнинг кунлари файзли, тунлари осойишта ўтмоқда. Демакки, шунга яраша орзу-мақсадларимиз ҳам бор. Ҳаммамиз ана шу катта орзулар ва режаларни амалга оширишга юртбошимиз бошчилигида бел боғлаганмиз.

 Дунёнинг турли нуқталарида кечаётган катта-кичик урушлар халқлар, мамлакатларни ўзига бўйсундириш, таъсир доирасига тортишнинг замонавий усуллари, мамлакат аҳолиси ўртасида ўзаро келишмовчиликлар, миллий, диний, ирқий, маҳаллийчилик шаклидаги зиддиятларни авж олдириш орқали ҳудудда биродаркушлик урушларини келтириб чиқариш оқибатида келиб чиқаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Шу сабаб мамлакат раҳбари ҳам ўз Мурожаатномасида “Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз” деганида радикаллашувнинг фақат диний соҳага оид ҳодиса эмаслигига ишора қилди. Шунга кўра, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий-маънавий соҳаларга мутасадди ташкилот ва идоралар ўз фаолиятини фақат ишлаб чиқаришдан иборат, деб билмай, балки барча нарса айнан инсон ва унинг онгу тушунчаси, кайфият ва дунёқарашига боғлиқ эканидан келиб чиқиб иш тутишлари ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир.

Таъкидлаш жоизки, охирги ўн йилликларда дунёнинг турли чеккаларида олтмишдан ортиқ миллий-этник қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтган. Сайёрамизнинг турли нуқталарида содир бўлган ҳарбий, сиёсий конфликтларнинг аксариятини этник ва диний  мотивлар ҳаракатга келтирувчи куч вазифасини ўтаган.Мазкур жараёнлар ва уларнинг аянчли оқибатлари жаҳон ҳамжамияти учун тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ўта долзарб масалага айланганлигини кўрсатмоқда.

БМТ маълумотига кўра, жорий йилнинг ярмида нотинчлик, яъни таъқиб, тўқнашувлар, инсон ҳуқуқларининг бузилиши сабабли 100 млндан ортиқ одам бошқа давлатларга кўчишга мажбур бўлган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг оҳирига нисбатан 15 фоиз кўп бўлиб, ер юзида 77 одамдан ҳар 1 таси бошқа давлатга кўчишга мажбур бўлди дегани. Умуман олганда, ўрганишларга кўра, инсониятнинг ўтган 3400 йилдаги тарихида бутунлай тинчлик хукм сургани бор йўғи 268 йил, яъни 8 фоизи бўлган. XX асрнинг ўзида урушдан 108 миллион одам ўлган. Бу мисоллар барчамизни ҳушёр торттирмоғи лозим.

Минг шукрки, бизнинг юртимизда тинчлик ҳукмрон. Шунинг учун ҳам энг бебаҳо олий неъмат – тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етишимиз, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлашимиз жоиз. Президентимиз ҳам шу мақсадда ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришимиз кераклигини бежиз уқтирмади. Зеро, ёшлар турли ёт ғоялардан огоҳ бўлган ҳолда, сиёсий жараёнлар теран назар солишга тайёр бўлмоғи лозим. Айниқса, Ватанпарварлик қуруқ сўзда эмас, ҳар юртдошимизнинг ҳаёт тарзи ва ҳаёт мазмунини ташкил этиши зарур. Ушбу қадрият ёшликдан шакллантирилиши ва миллий, маънавий қадриятлар билан мустаҳкамланмоғи зарур.

Ахмад Нарзуллаев,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашидаги

O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    562
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+