Ихчам ва самарали давлат бошқарув тизими – бугунги кун ислоҳотлар талаби

26.12.2022, 18:19

Ихчам ва самарали давлат бошқарув тизими – бугунги кун ислоҳотлар талаби

Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида келгусидаги амалий ҳаракатларга дастуриламал бўлган мақсад ва вазифаларга тўхталар экан, ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш ташаббусини илгари сурди.

Бу йўналишдаги ислоҳотларнинг долзарблиги нимада?

Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Олдинлари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” учун олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил қилишга тўғри келди.

Мактабгача таълим, уй-жой коммунал, “маҳаллабай” ишлаш, инвестиция, давлат хизматлари, давлат-хусусий шериклик соҳаларида катта самарали натижалар қўлга киритилганини айтиб ўтар экан, Давлатимиз раҳбари, “Хусусий сектор ва тадбиркорликнинг ривожланиши ортга қайтмас жараёнга айланди. Аҳоли фаоллиги, замонавий технологиялар, иқтисодиётда янгидан-янги йўналиш ва соҳалар яратилмоқда. Бу борадаги ташуббсларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди” қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келди”, деб алоҳида таъкидлади.

Жорий йил 23 декабрь куни Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Унга кўра, Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш, шунингдек, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури ижросини таъминлаш мақсадида, келгуси йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаш тизими жорий этилади.

Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тугатилади.

Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида, Бош вазирнинг             4 нафаргача ўринбосарлари лавозими, Ҳукумат раҳбари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилинади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда Ҳукумат ваколатларига оид бошқа долзарб масалаларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш, кўриб чиқиш ва ахборот беришнинг янги тартиби жорий қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги кенгашининг Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг биринчи босқичи доирасида 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сонини 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сонини 25 тадан 21 тагача қисқартириш бўйича таклифи маъқулланди.

Энди ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияга раҳбарлик қилади.

Мазкур Фармоннинг эълон қилиниши, кенг жамоатчилик томонидан катта хайрихоҳлик билан қарши олинди. Чунки, эндиликда давлат хизматчилари сони босқичма-босқич қисқаради. Иқтисод қилинган маблағ ижтимоий масалаларга йўналтирилади.

Президентимиз Мурожаатномда таъкидланганларидек: “Давлат вакиллари ўзининг ҳалол меҳнати, оддийлиги, халқсеварлиги, самимийлиги ва фидоийлиги билан одамларимиз меҳрини қозониши керак”.

Шерзод МАМАТҚУЛОВ

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

аппарат раҳбари

 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    624
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+