Мурожаатномада белгиланган барча вазифалар ижросида депутатлардан фаоллик талаб этилади

27.12.2022, 17:03

Мурожаатномада белгиланган барча вазифалар ижросида депутатлардан фаоллик талаб этилади

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномаси – мамлакат сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан кўтарилган долзарб масалалар, уларни тизимли ҳал этишдаги аниқ белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида тадбирлар бошлаб юборилди.

O’zLiDeP нинг жойлардаги маҳаллий Кенгашлари, партия депутатлик гуруҳлари томонидан ҳам қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.

Мана шундай тадбирлардан бири Оҳангарон туманидаги Давлат хизматлари марказида ўтказилди.

O’zLiDeP Тошкент вилоят ҳамда Оҳангарон туман Кенгашлари, Халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи, Оҳангарон туман Давлат хизматлари маркази, туман ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ўзаро ҳамкорлигида ўтказилган муҳокама тадбирида депутатлар, умумий ўрта таълим мактаблари директорлари, партия аъзолари, фуқаролар, аҳоли вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари,  фаоллар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар бугун юртимизда инсонни улуғлаш, унинг қадрини юксалтириш йўлида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ҳақида тўхталаркан, Мурожаатнома бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлганини эътироф этди.

Инсон камолотида таълимнинг тутган ўрни, жамият ва давлат ривожи ҳам айнан сифатли таълим билан чамбарчас боғлиқлигини қайд этди.

Юртбошимизнинг мурожаатномасида сифатли таълим масаласига катта эътибор қаратилиб, таълим ва тарбия жараёнини тубдан ислоҳ қилишни бугунги куннинг долзарб масаласи сифатида кўрилгани борасида фикр юритди. 

Мурожаатномада биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши ва ӯқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилгани алоҳида эътиборга молик эканини сўзлади.

Бу борада Оҳангарон туманида ҳам туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев бошчилигида тизимли ишлар йўлга қўйилганини юксак баҳолади.

Муҳокамада сўзга чиққан Оҳангарон туман Давлат хизматлари маркази раҳбари Шахло Кўчимова мурожаатнома борасида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашаркан, унда республикамизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётига оид ўта муҳим вазифаларга тўхталиб ўтилгани хусусида гапирди.

Мамлакатимиз раҳбари  Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлида муҳим аҳамият касб этувчи олтита йўналишда амалга ошириш зарур бўлган энг муҳим ислоҳотларни илгари сурганини таъкидлади.

Мурожаатнома ўз ичига қамраб олган долзарб масалалар кўлами ва кўзланган мақсадларига кўра узоқ муддатга мўлжалланган стратегик дастур бўлганини қайд этди.

Тадбирда сўз олган мактаб директорлари ҳам Мурожаатномада Президентимизнинг “2023 йилдан мактаб таълими тизимини халқаро таълим дастурлари асосида янгитдан ислоҳ қилишни бошлаймиз, она тилимизга эътиборни янада кучайтирамиз, фарзандларимизни она тилимиз ва камида иккита чет тилини қунт билан ўрганиш лозимлиги ҳозирги куннинг талабидир, она тилимизни мукаммал билишни, керак бўлса мажбур қилишимиз керак”, деган даъватлари барча устоз ва ўқитувчиларининг кўнглидаги гап бўлганини қайд этишди. Бу борадаги ўз таклиф ва мулоҳазаларини баён этишди.

Тадбир сўнггида фикрлар умумлаштирилиб, келгусида “Инсон қадри учун” тамойилининг узвий давоми бўлган 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда ўзаро жипслашиб ҳамкорлик қилиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    585
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+